MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ҳожар Сорайнинг мисрдан олиб келган чўриси эди. Сорай бу чўрини қандай, қай ҳолатда қўлга киритган буни билмаймиз. Аммо Ҳожарнинг бир нечта худоларга сиғинадиган оддий мисрликдан фарқи бўлмагани аниқ. Маълумки, мисрликлар бирваракайига бир нечта маъбудларга, худоларга сиғинишган. Ҳожар ҳам мисрликларнинг олий қуёш худоси Раага сиғинарди. Бекаси Сорай билан яшаб, унинг хизматларини қилиб, бу оиланинг бошқа бир, ўзларининг тили билан айтганда тирик Худога сиғинишларини эшитган. Эшитибгина қолмай, Худонинг унга қилган ғамхўрлигни ўз кўзи билан кўрган. Хоними унга озор берганида, чидамай қочиб кетди. Шунда булоқ бошида Худованднинг фариштаси Ҳожарга кўриниб… Ҳа, Калом айнан кўриниб, деган сўзни ишлатади. Хожар Худованднинг фариштасини ўз кўзлари билан кўрган. Унинг гапларидан Худонинг меҳрини, ғамхўрлигини ҳис қилган.

Нарратор 2 Келинг, Худованд унга нима деганини Каломдан ўқиб билиб оламиз: «Эй Сорайнинг чўриси Ҳожар! Қайдан келиб, қайга бораётирсан? – деди. – Мен хонимим Сорайнинг олдидан қочиб келаётирман, — деди Ҳожар. Худованднинг фариштаси унга: — Хониминг Сорайнинг олдига қайт ва унинг озорларига чида, — деди. Сўнг Худованд фариштаси қўшиб Ҳожарга: — Сенинг авлодингни шу қадар кўпайтираманки, кўплигидан уни санаб бўлмайди, — деди. Худованднинг фариштаси учинчи гал Ҳожарга гапирди: — Мана, сен ҳомиладор бўлдинг, энди бир ўғил туғасан. Худованд сенинг жафоларингга қулоқ солгани учун ўғлингнинг исмини Исмоил (яъни Хуод эшитади) деб қўясан…Ҳожар: — Мен кўриб турган Тангрини мен ўз кўзим билан кўриб, тирик қолибман, — деди ва ўзига гапираётган Худовандни «Кўрувчи Тангри» деб чақирди»( Ибт 16:8-13).

Нарратор 1 Ҳожар Худованднинг фариштасини ўз кўзи билан кўрганини эътироф этди. Унинг айтганларини қилиб, бекасининг олдига қайтиб борди. Унинг озорларига чидади. Фарзандли бўлгач, исмини Худо айтганидай Исмоил деб қўйди. Унинг исми Исмоил бўлиши кераклигини Ҳожар хожаси Иброҳимга айтиб берган бўлса керак. Шунинг учун ҳам Иброҳим ўғлининг исмини Исмоил деб қўйди. Ҳожарнинг ҳаётига қарасак, Исмоил туғилиш атрофида ва туғилганидан кейин Худо айтганларини бажарган. Аммо барибир, эски одатлари, удумлари уни яна аввалги ҳолатига қайтариб қўйди. Яна ўзи кўрган Тангрини унутиб, аввалгидай яшай бошлади. Биз ҳам кўп ҳолларда ўзимизни Ҳожардай тутамиз.

Нарратор 2 Ҳаётимиз давомида Худонинг ғамхўрликларини, меҳрини кўрган, ҳис қилган бўлсак ҳам, уларни унутиб, яна эски табиатимиз амри билан яшай бошлаймиз. Шунчалик ожизмизки, эски табиатимиз бизни осонгина ўзига бўйсиндириб қўяди. Шайтон бизнинг заифликларимиздан фойдланиб, Худодан узоқлаштиришга ҳаракат қилади. Ҳожарни ҳам худди шу йўл билан Худодан узоқлаштиргани аниқ. Зероки, унинг ҳатти ҳаракати, ўзини тутиши Исмоилнинг қилиқларида яққол кўринади. Бизнинг кимлигимиз ҳам қиладиган ишларимиздан, гапирадиган сўзларимиздан, кўп ҳолларда фарзандларимизнинг тарбиясидан билиниб туради. Чиндан ҳам Худонинг марҳаматига эришишни истаган одам, доимо бутун диққати, қалби Худода бўлишига эътибор қилиши керак. Сизнинг қалбингиз Худо билан эканига ишончимиз комил.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top