MP3

Нарратор 1 «Худонинг Каломи эса тобора ёйилар, самара берарди» (Ҳав 12:24).

Ассалому алайкум. Ëшлигидан эртак эшитиб катта бўлмаган инсон бўлмаса керак. Эртаклар қандай яратилади? Ҳар бир халқнинг ўз урф-одатига кўра эртаклари бор. Аммо дунё халқлари қанчалик турли хил бўлмасин, уларнинг эртаклари бир-бирига ўхшаб кетади. Айниқса охири. Охирида яхшилик ёвузликни енгади. Яхшилик ғолиб бўлади. Ҳаётда ҳам шундай. Қанчалик яхшилик қилишга ҳаракат қилмайлик, остонада бизни ёмонлик пойлаб туради. Бу ёмонликнинг автори кимлигини яхши биласиз. Баъзида бу ёмонликнинг хавфидан қўрқиб, Худо буюрган ишларни қилишга журъатимиз етмайди. Худога турли хил баҳоналарни топиб, кейинроққа қолдираверамиз. Бироқ бу ёмонлик ҳар бир даврда бўлган. Исонинг шогирдларини бу ёмонликлар, тўсиқлар тўхтата олмаган эди.

Нарратор 2 Ҳаворий Павлус ўзининг биринчи тарғибот сафарини бошлаган пайтда, унга ва унинг шерикларига ёмонлик қилганлар кўп бўлган. Шайтон ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам Хушхабарнинг ёйилишига тўсқинлик қилишга ҳаракат қилган. Худонинг қандай ғалаба қозонганини, шайтоннинг Худо фарзандларига кўрсатадиган қаршиликларини яхшироқ тушуниб олиш учун Павлуснинг сафар тафсилотларини қисқача кўриб чиқамиз.

Калом шундай дейди: «Барнабо билан Шоул Муқаддас Руҳ буюрганига кўра йўлга тушиб, Селевкия шаҳрига келдилар. У ердан эса … Пафос шаҳрига етиб келдилар.» (Ҳав 13:4-12). Улар қаерга борсалар ҳам Худонинг каломини тарғиб қилдилар. Одамлар уларнинг хушхабарини қабул қиладиларми, йўқми, ибодатхоналарда Худо Каломини ваъз қилдилар. Бошида ҳеч ким ҳеч қандай қаршилик қилмади. Бироқ Пафос шаҳрига келганларида сохта пайғамбар ва сеҳргар Барйешуга дуч келдилар.

Нарратор 1 Калом айнан «дуч келдилар» дейди. Демак, Барйешу ўзининг ёвуз режалари билан уларга қаршилик қилган. Халқни уларнинг сўзларини тингламасликка ундаган бўлса керак. Аммо Худо Сергий Павел деган ҳокимнинг юрагини очди. У Худонинг каломини тинглаш учун Шоул билан Барнабони чақиртирди. Аммо Барйешу уларга қаршилик қилиб, ҳокимни ҳам фикридан қайтаришга тиришди. Шунда Худо Шоул орқали Барйешуга қарши қўл кўтарди. Уни кўр қилиб қўйди. Худонинг бу иши фақат ҳокимни эмас, бошқа одамларни ҳам қойил қолдирди ва кўпчилик имонга келди. Худо ўзгармаган. У ҳозир ҳам шундай ишлайди. Шоул орқали қаршиликларни йўқ қилган Худованд бугун сизнинг қўлингиз орқали қаршиликларга бас келиши мумкин.

Нарратор 2 Худо сизни Ўз хизматини қилишга чақирган бўлса, ҳеч иккиланмай олингизда учраши мумкин бўлган қийинчиликлар ва тўсиқлардан қўрқмай, ишга киришинг. Худонинг Руҳи ва иноятли қўли сиз билан бирга бўлади.

Сизни ишонтириб айтаманки, сиз Худонинг хизматида экансиз, тўсиқлар, қаршиликлар тўхтамайди, аммо Худонинг марҳамати ва қудрати уларни йўқ қилишга қодир. Худо ҳар доим сиз билан бирга. Керак пайтида Унинг иноятли тахтига яқинлашиб, хизмат учун донолик, қудрат, сабр-тоқат сўранг ва эришасиз. Азизлар, Худонинг мўъжизали ишлари ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз эшиклари сиз учун доимо очиқ. Ташрифингиздан мамнун бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top