3:27

Беришни ўргатиш

MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ёшлигимизда беришдан кўра олишни кўпроқ истаганмиз. Бергандан кўра олганимизда кўпроқ хурсанд бўлганмиз. Баъзан Худо бизга бераётган имкониятларни, нарсаларни кўрмаймиз. Баъзиларимиз шогирдмиз баъзиларимиз устозмиз, аммо ҳаммамиз ҳали ҳам Исо Масиҳнинг шогирдларимиз. Исо Масиҳнинг дастлабки шогирдлари ҳам уларга берилган энг олий туҳфани сезишмаган бўлса керак. Улар Худонинг Ўғли билан ёнма-ён юриш, инсоният тарихида бир марта бўладиган воқеани кўриш, Нажоткор билан бирга бўлиш, У билан бирга овқатланиш, У билан бирга саёҳат қилиш, Унинг мўъжизаларини кўриш бахтига муяссар бўлишган. Улар танлаб олинган кундан то Исо Масиҳнинг осмонга олинишигача бўлган вақт давомида Устоз билан бирга бўлишди. Ўшанда улар қандай бахтга сазовор бўлишганини билишмаган. Буни кейинроқ англаб етишди.

Нарратор 2 Масиҳ уларга Ўз таълимотини, Осмон Шоҳлиги сирларини, вақтини, қувватини берар экан, бир кун келиб шогирдлари ҳам шундай қилишига замин яратди. Исо Масиҳ фақат таълимотини эмас, Ўз қудратидан ҳам озгина берди. Шогирдларига жинларни қувиб чиқариш ҳукмронлиги ва касалларни соғайтириш қудратини берди. Матто 10 боб 8 оятда Исо шогирдларига шундай дейди: «Хасталарни соғайтиринглар, моховларни пок қилинглар, ўликларни тирилтиринглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар». Бу оят бизга ҳам тегишли. Биз Исодан нима олган бўлсак, бошқаларга ҳам шуни беришимиз керак.

Бутунлай Унга ўхшаган бўлиш қийин, аммо Унинг сифатларини ўзлаштириб олиш мумкин. Ундан ўрнак олиб, ўзимизда борини бошқаларга беришни ўрганамиз. Бизда нима бор?

Нарратор 1 Баъзиларингиз ўзимда бўлмаган нарсани бошқаларга қандай бераман, — деб ўйлашингиз мумкин. Ëки бўлмаса бошқаларга берадиган даражада бой эмасман, деб ўйларсиз. Бу табиий ҳол. Бериш деганда кўпинча моддий нарсалар тушунилади. Худонинг шоҳлиги ҳақида эшитмаганмисиз? Ундан мана шу текин нажотни олмаганмисиз? Албатта олгансиз. Ҳеч нарсангиз бўлмаса, ҳеч бўлмаса мана шуни муҳтожларга беринг. У ҳақида ўрганганларингизни-билимингизни беринг. Вақтингизни ва кучингизни беринг. Кўрдингизми ҳеч нарсам йўқ деган имонли ҳам шунча нарсани бера оларкан. Исо Масиҳ ҳам шогирдларига мана шуни ўргатмоқчи эди. Ўшанда шогирдлари Унинг бу ниятини тўлиқ англамаган бўлсалар-да, Устозининг ўгитларига амал қилишди. Ҳеч қачон ўзбошимчалик қилишмади. Исо Масиҳ уларга жинлар устидан ҳукмронлик қилиш ва хасталарни соғайтириш қудратини берар экан, текин олганини текин беришга ундади.

Нарратор 2 Раббимиз Исо Масиҳ осмонга олинишидан олдин нималар дегани ёдингиздами? «Исо уларга яқинлашиб, шундай деди: «Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар… Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан» (Мат 28:18-20). Бугун ҳам Исо Масиҳ ҳар биримизга яқинлашиб шундай дейди: «Мендан нимаики ўрганган бўлсанг, бошқаларга ҳам бер. Қачон қандай ҳолатда бўлмагин, Мен сен билан биргаман.» Сиз ҳам беришни ва қандай беришни билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бажонудил ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top