3:16

Иккитадан

MP3

Нарратор 1 «Бу ҳодисалардан кейин Раббимиз Исо бошқа етмиш шогирдини танлаб…уларни иккита-иккитадан юборди» (Лука 10:1).

Ассалому алайкум. Ëлғиз ҳаёт кечириш, ёлғиз бирор ишни бажариш, ёлғиз йўлга чиқиш, бирор нарсани ёлғиз кутиш, буларнинг бари одамни зериктиради. Ундан ташқари ёлғиз кишининг иши қийин бўлади. Биз Худонинг олдида ҳар биримиз алоҳида муҳим ва севимли эканимиз рост. Худонинг қудратини алоҳида ўз-ўзимизда синаб кўришимиз, атрофимизда биродарларимиз бўлмаган пайтда ҳам Худо қудратига ишониб иш кўришимиз ҳам рост. Аммо Худонинг хизматини қилиш учун баъзан бир ўзимиз етарли бўлмай қоламиз. Келинг, Худонинг хизмати ҳақида эмас, оила ҳақида гаплашсак.

Нарратор 2 Ëлғиз яшаётган киши оилали бўлишни, икки киши бўлиб яшашни истайди. Бу унга куч ва далда беради. Тўғри-да, ишдан ҳориб чарчаб келганингда, кимдир сенга яхши гапириб, дардингни олса, бир пиёла чой тутса, қандай яхши. Дардларинг, ташвишларинг аригандай бўлади. Ëки бўлмаса сафарга ёлғиз кетаётган одамнинг аҳволини тасаввур қилинг. Бир ўзи боришга оёғи тортмайди. Сафар чоғида қийинчиликлар бўлса, бир ўзи ҳал қилгандан кўра, ёнидаги шериги билан ҳал қилгани анча осонроқ бўлади-да. Эски Ахд китобларидан бирида Худо шундай дейди: «Икки киши бўлиб юриш яхши, бири йиқилса иккинчиси турғизади.» Чиндан ҳам шундай.

Шу сабабли ҳам Исо Масиҳ етмиш шогирдини танлаб, Ўзи борадиган ҳар бир шаҳар, ҳар бир жойга Ўзидан олдин бориб турсин учун уларни иккита-иккитадан юборди.

Нарратор 1 Уларни жўнатаётиб шундай деди: «Ҳосил мўл, бироқ ишчилар оз. Ўз ҳосилингни йиғиб-терадиган ишчилар юбор, деб ҳосил Эгасига илтижо қилинглар.» Иккита-иккитадан кетган шогирдлар борган шаҳар ва қишлоқларида қандай ишладилар? Улар жуда самарали ишлагани аниқ. Чунки бу Худонинг хоҳиши эди. Ундан ташқари, бирор ишни бажаришдан олдин Худога ибодат қилишни, Унинг қудратига ишонишни ўрганиб олган эдилар. Яна икки киши бўлиб бориш уларга жуда қўл келган. Йўлда зерикишмайди. Кимдир ибодат қилса, иккинчиси хушхабар айтади. Хуллас икки кишининг иши жуда самарали бўлган. Улар қувонч билан сафардан қайтиб келгач, Исога: — Раббий, Сенинг номингни тилга олсак, жинлар ҳам бизга бўйсунди! – дедилар. Шогирдлар эришган муваффақиятларидан жуда хурсанд эдилар. Исо Масиҳ қиладиган мўъжизалар уларнинг ҳам қўлидан келаётганидан сармаст эдилар.

Нарратор 2 Лекин Исо Масиҳ уларни тўғри нарсага йўналтирди: «Бироқ руҳлар сизга бўйсунаётганидан қувонманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан қувонинглар.» Бу уларнинг биргаликдаги муваффақияти эди.

Худо ҳар биримизнинг юрагимизда алоҳида – алоҳида ишласа ҳам, бизнинг биргаликда хизмат қилишимизни истайди. Бир-биримизга куч-қувват, далда, ҳамдард бўлишимизни истайди. Худонинг бизларни бирга кўришни исташининг сабаби ҳам шунда. Ҳар бир имонли қандай хизмат қилмасин, бир ўзи уни эплаши қийин, у албатта бошқа биродар ёки биродарларнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Икки кишини енгиш шайтонга ҳам осон бўлмайди. Бири васвасага тушганда иккинчиси тўғри йўл кўрсатади. Халқимизда бир ажойиб мақол бор. Бу айнан шу мавзумиз учун айтилгандай «Бўлинганни бўри ер».

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top