MP3

Нарратор 1 «Исо бу сўзларни айтганидан кейин саккиз кунча ўтиб, Петр, Юҳанно ва Ëқубни олиб, ибодат қилиш учун тоққа чиқди» (Лука 9:28).

Ассалому алайкум. Исо Масиҳнинг учта шогирди билан тоққа чиққани ҳақидаги парчани ўқир эканман, бир савол пайдо бўлади: Нега Исо Масиҳ ўн икки ҳаворий ичидан айнан Петр, Ëқуб ва Юҳаннони танлаб тоққа олиб чиқди? Тоғда бу уч шогирд ниманинг гувоҳи бўлганини билсангиз керак. Шундай бўлса ҳам эслатиб ўтишни маъқул кўраман. «У ибодат қилаётганда, юзининг кўриниши ўзгариб, кийимлари яшиндай оқ бир тусда ярқираб кетди.» Шогирдлар тоғда Исо Масиҳнинг улуғворлигини кўришди. Унинг янги бир қиррасини ўзларига кашф этишди.

Нарратор 2 Биз ҳам ҳаётда Исо билан бирга қийинчиликлардан ўтиб, Исонинг янги бир қиррасини ўзимизга кашф этганимизда, У бизга Ўзининг улуғворлигининг бир четини кўрсатишни маъқул кўради. Худди Мусо Синай тоғида Худонинг улуғворлигини орқа томондан кўрганидай. Нега уч ҳаворий Исонинг улуғворлигини кўришга муяссар бўлди? Тахминимизча бу уч ҳаворий Исонинг бошқа сифатларини кўришга, Ундан кўпроқ эшитишга ва Уни кўпроқ билишга интилган бўлса керак. Ваҳий китобида шундай жумла кўп такрорланган: «Руҳнинг … айтаётган гапларини қулоғи бор одам эшитсин» (Ваҳий 3:13). Аслида ҳамманинг ҳам қулоғи бор. Аммо ҳамма ҳам Худонинг сўзларини эшитишни чин дилдан истамайди. Ҳамма ҳам чин дилдан Худонинг улуғворлигини кўришни истамайди.

Нарратор 1 Унинг улуғворлиги пайидан бўлмайди. Балки шунинг учун ҳам Исо Масиҳ фақат уч ҳаворийни тоққа Ўзи билан бирга олиб чиққандир. Худони кўришни истаганимизда биздан бахтли одам топилмайди. Буни ўзимиз сезмасак-да, чиндан Худони кўришга интилганимизда, Унинг сўзига ва улуғворлигига чанқоқликни ҳис қилганимизда бизданда марҳаматли ва бахтли одам бўлмайди. Шундай пайтларда ҳар бир одам ич-ичидан мана шундай нола қилади: «Раббим мен Сени билишни истайман. Сени борлигингча билишни истайман. Менинг фикрлаш усулимни ўзгартириб ҳақиқий Ўзлигингини менга кўрсат!». Биз ҳар куни Худонинг кимлигини билишга интилсак, Худо биздан нима исташини ҳам билиб оламиз. Кейин эса Унинг иродасига кўра ҳаёт кечиришга ҳаракат қиламиз.

Нарратор 2 Павлус биз имонлиларга нима деганини биласизми: «Мақсадим шуки, сизлар дадил бўлинг, муҳаббат руҳида бирлашинг, фаҳм-идрок ва тўла комил ишонч билан Отамиз Худонинг сири Масиҳни пайқаб олинг. Чунки ҳикмат ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир» (Кол 2:2-3). Павлус «Масиҳни пайқаб олинг» деганда чиндан Масиҳнинг кимлигини билиб олишимизни назарда тутган. Агар чиндан ҳам Масиҳнинг кимлигини билиб олсак, У билан муносабатимиз, Унга бўлган фикримиз, яшаш тарзимиз, ҳаётга ва ундаги нарсаларга бўлган муносабатларимиз ҳам бутунлай ўзгаради. Уни билгач, шунга кўра ҳаёт кечиришга ҳаракат қилинг. Худодан мана шундай ҳаёт кечиришга куч ва шижоат беришини сўранг. Азизлар, ҳаёт ва Худо ҳақидаги билимларингизни бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз янада бойитади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top