3:34

Исо номидан сўранг

MP3

Салом азизлар. Айтингчи, Худо барча ибодатларни тинглайдими? Ишаё пайғамбар даврида У итоатсиз исроилликларга қарата айтган сўзларига эътибор беринг: «Қанча кўп ибодат қилсангиз ҳам сизларни тингламайман. Зеро, қўлларингиз қонга ботган». (Ишаё 1:15) Кўриниб турибтики, баъзи ишлар сабабли Худо ибодатларимизни тингламаслиги мумкин. Худо ибодатларимизни тинглаши учун биздан айрим нарсалар талаб қилинади ва баъзи муҳим саволларга жавобларни ҳам билишимиз керак. Масалан, Худо ибодатларимизни тинглаши учун муҳим талаблардан бири нима ва унга қандай мос келиш мумкин? Муҳим талаблардан бири бу аввалм бор имон. (Марк 11:24) Ҳаворий Павлус ёзганидай: «Имон бўлмаса Худонинг розилигини олиш имконсиздир. Зеро, Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим». (Ибронийларга 11:6) Ҳақиқий имон Худо борлигини ва У ибодатларимизни тинглаб, уларга жавоб беришини билишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади.

Бундай имон ишлар билан тасдиқланади. Кундалик ҳаётимиз имонимиз борлигидан далолат бериши керак. (Ёқуб 2:26) Нега Худога ҳурмат ила ибодат қилишимиз лозим? Ибодат қилаётганда қай йўсин камтарин ва самимий эканимизни кўрсатамиз? Шунингдек, Худо биздан Унга камтарлик ва самимийлик ила ибодат қилишни талаб этади. Худо Унга камтарлик ила мурожаат қилишимизга лойиқ, шундай эмасми?! Масалан, одамлар президентнинг юксак мартабасини тан олиб, унга мурожаат қилганида иззат-эҳтиром ила гапиради. Худованд ундан ҳам юксак  экан, кўпроқ ҳурматга лойиқ эмасми? (Забур 138:6) Ахир У «Қодир Тангри». (Ибтидо 17:1) Шунинг учун Худога ибодат қилаётганда, Унинг олдида камтарликни намоён этиб ўз ўрнимизни билишимиз лозим.

Бундай камтарлик бизни ёддан айтиладиган ва ўша-ўша сўзларни такрорлашдан иборат бўлган ибодатлардан йироқлашиб, чин қалбдан ибодат қилишга ундайди. (Матто 6:7, 8) Ибодатларимизга мувофиқ ҳаракат қилиш нимани англатади?

Худо ибодатларимизни эшитишини истасак, уларга мувофиқ ҳаракат қилишимиз керак. Худо сўраганимизга яраша қўлимиздан келганини қилишимизни кутади. Масалан, «бугунги ризқ-рўзимизни бер», деб ибодат қилсак, қўлимиздан келадиган ҳар қандай ишни астойдил бажаришимиз керак. (Матто 6:11; 2 Салоникаликларга 3:10) Агар тана истакларимизни енгиш учун Худодан ёрдам сўрасак, васвасага соладиган вазиятлардан четланишимиз лозим. (Колосаликларга 3:5)

Ушбу асосий талаблардан ташқари, ибодат борасида бошқа саволларга ҳам жавоб олишимиз даркор. Кимга ибодат қилиш керак? Исо издошларини «осмондаги Отамизга» ибодат қилишга ўргатган. (Матто 6:9) Шунинг учун, фақат Худовандга ибодат қилишимиз лозим. Бироқ У «ягона Ўғли» бўлмиш Исо Масиҳнинг мавқеини тан олишимизни хоҳлайди. Чунки Муқаддас Каломдан билиб олганимиздай, Исо бизни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод қилиш мақсадида тўлов сифатида ер юзига юборилган. (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:12) У Олий руҳоний ва Ҳакам этиб тайинланган. (Юҳанно 5:22; Ибронийларга 6:20) Шунинг учун, барча ибодатларимизда, ҳазрати Исо номидан сўрасак, Худойимиз жавоб беради. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top