3:13

Яшашни рад этиш

MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Британия тарихидаги қиролича Елизаветаларни ҳамма яхши билади. Аммо улардан олдин 1555 йилларда қиролича Мария Англияга ҳукмдорлик қиларди. Унинг даврида Лондондаги бир жамоатнинг чўпони бўлган Брадфорд исмли кишини имони туфайли тутиб қамоққа солишди. Қамоқхонада экан Жон Брадфорднинг олдига тез-тез имонли биродарлари келиб туришарди. Ҳар доим қилиб келганидай, уларга ҳафтада икки марта Худо Каломидан ўргатди. Ундан ташқари қамоқхона ичидаги бошқа маҳбусларга ҳам Худо хушхабарини етказди. Маҳбуслар унинг хабарига қизиқиш билдириб, ундан ҳар ҳафта бу ҳақида айтиб туришни илтимос қилишди. У Худо Каломини бўлишишдан ташқари, ўзига келтирилган озиқ овқатни ҳам улар билан бирга бўлишиб ерди.

Нарратор 2 Соқчилар ҳам бу кишини жуда ёқтириб қолишди. Шунинг учун ҳам баъзи баъзида жамоатга бориб, биродарлари билан кўришиб келишга қамоқдан белгиланган муддатда қайтиб келиш шарти билан, яширинча чиқишга рухсат беришарди. Соқчилар унинг биргина қайтиб келаман деган сўзига ишониб, қўйиб юборишарди. Жон Брадфорд ҳам айтган вақтида баъзан ундан ҳам олдинроқ қайтиб келарди. Шу тариқа қамоқда бир ярим йил ўтирган Брадфордни ҳакамлар чақиришди. Унга яна бир бор Исо Масиҳни рад этиб, яшаб қолишга имкон беришди. Аммо Жон уларнинг таклифини рад этди. Яна олти ой қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Олти ойдан сўнг уларнинг таклифи яна такрорланди. У яна рад этди. Биродарлари унинг олдига келишиб, маслаҳат беришди: «Жон, черков ходимлари олдига бориб, бу ҳақида ўйлаб кўраман,- деб айтгин»-дейишди.

Нарратор 1 Аммо Жон уларга қарата: «Агар шундай десам, халқ у ўз имонига шубҳа билан қарар экан-да, дейишмайдими. Йўқ, яшаб қолиш учун ҳам Раббимни сотмайман» — деди. Эртаси куни уни ўлимга ҳукм қилишди. Бу ҳақида унга қамоқхона соқчисининг рафиқаси маълум қилди. Бу ҳукм шаҳар аҳли кўзидан панароқ жойда ўтказилиши учун Жонни ярим тунда бошқа қамоқхонага кўчиришди. Аммо халқ бундан хабар топиб қолди. Уни гулханда ёқишга тайёргарлик кўрилаётганда, шаҳар ахли йиғилиб келди. Брадфорд улар билан хайрлашиб, улар учун ибодат қилди. Жон Брадфорд билан бирга имонидан воз кечишни истамаган Жон Лиф деган ўсмир йигитча ҳам бор эди. Иккиси ҳам гулханда ёқилишдан олдин тиз чўкиб бир соат ибодат қилишди.

Нарратор 2 Ўрнидан тургач, халққа қараб шундай деди: «Англия халқи, гуноҳларингиз учун тавба қилинг. Бутпарастликдан, ёлғон устозлардан узоқроқ юринг.» Кейин эса Жон Лифга қараб шундай деди: «Ҳотиржам бўл, укам, бугун кечқурун, Раббимиз билан бирга кечлик қиламиз.» Шундан сўнг уни ҳам йигитча Жонни ҳам оловда ёқишди.

Ҳаворий Петр имонлиларга қарата шундай деган эди: «Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар. Аксинча, Масиҳнинг қанча азобларига шерик бўлаётган бўлсангиз, шунча хурсанд бўлинглар. Шунда У шон-шараф ила осмондан тушиб зоҳир бўлгач, кўнглингиз яна кўпроқ қувончларга тўлади» (1 Петр 4:12-13). Азизлар бу каби гувоҳликлардан боҳабар бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга мунтазир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top