MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Дунё бир кам деганлари рост. Бу гап баъзан биз Худо фарзандларининг ҳам ҳаётига тўғри келади. Ҳеч бир инсон мукаммал эмас. Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша камчилигимиз бор. Кимгадир ўзининг ташқи қиёфаси, кимгадир, характери, кимгадир, яшаш ҳолати, яна кимларгадир, дунёқараши ва ақлий қобилияти ёқмайди. Инсон ўзига ёқмаган сифатларни топганида, Худога нолийди. «Нега мени бундай камбағал ва омадсиз оилада дунёга келтирдинг?», «Нега бурнимни катта қилиб ясадинг?» «Нега мени ҳам чиройли қилиб яратмадинг?» Бу каби нега деган саволлар ҳар бир одамнинг ҳаёлидан кечади. Аслида кўза ўзини ясаган кулолга: «Нега мени бундай ясадинг?», — дейишга ҳаққи йўқ. Кулол кўзани қандай ясашни истаса, уни қандай ясаса, у истагандек бўлади.

Narrator 2 У ҳар бир идишни маълум бир ишга яроқли бўлиши учун ясайди. Қайсидир кўза сув ташиш учун бўлса, бошқа бири гул туриши учун, яна бошқа бири ичида керакли нарсаларни сақлаш учун ясалади. Ҳамма кўза ҳам бирдек сув ташиш учун ясалмайди-ку?! Биз ҳам ана шундай яратилганмиз. Исо Масиҳ даврида бир одам туғма кўр эди. Балки бу одам ҳам Худога неча марталаб: «Мени нега туғма кўр қилиб яратдинг?», — дегандир. Келинг шу парчани ёдга олайлик: «Исо ўтиб кетаётганида, Унинг кўзига бир туғма кўр одам чалинди. Шогирдлари Ундан: — Устоз, бунинг кўр бўлиб туғилишида ким гуноҳкор, ўзими ёки ота-онасими? – деб сўрадилар. Исо шундай деб жавоб берди: — Бунда на ўзи гуноҳкор, на ота-онаси, балки Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учун у кўр туғилган. …Исо буларни айтди-ю, ерга тупурди, тупукдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди. – Бориб Силоам ҳовузида ювин, — деди унга. Кўр одам бориб ювинди ва кўзи очилиб қайтди.» (Юҳ 9:1-7).

Narrator 1 Бу одамнинг нега кўр бўлиб туғилгани шогирдларини ажаблантирди. Улар ҳам Худо нега баъзан одамларни бундай камчилик билан яратишини тушунмасди. Шуни билиш асносида, Устозга савол беришди. «Унинг кўр бўлиб туғилишида ким айбдор, ўзими ёки ота-онасими?». Аммо Исонинг жавобидан кейин, Худо баъзан инсонларни Ўз улуғворлигини ошириш учун шундай яратишини тушуниб олишди. Шубҳасиз, кўр одам Исо Масиҳ унинг кўзларини оча олишига ишонган. У балки ўша дамда Исонинг олдига келаётгандир. Балки тақдирига тан бериб, шундай кўрлигича яшашга ўргангандир. Аммо Исо бу одамни пайқади. Худонинг номи улуғланиши учун, уни шифолади. Исо кўрга нима деган бўлса, туғма кўр одам Исонинг ҳамма айтганларини қилди. Унга бўйсунди ва шифо топди.

Narrator 2 Агар ишонмаганида шифо тополмаслиги аниқ эди. Чунки кўп ҳолларда Исо ҳасталарга шундай мурожаат қиларди: «- Сени шифолай олишимга ишонасанми?». Бу туғма кўр билан ҳам шундай бўлган. Исо Масиҳ ундан бу саволни сўрамаган, кўр жавоб бермаган бўлса ҳам, уларнинг ҳаракатидан шу мазмунни уқиш мумкин. Исо дарҳол унинг кўзлари очиб юбориши мумкин эди. Аммо тупроқдан лой қилиб, кўрнинг кўзларига суртди ва ҳовузда бориб ювинишни сўради. Кўрнинг итоати, унинг Исога ишонганини билдиради. Биз-чи, биз ҳам Худо бизда камчиликларимиз бўлса ҳам қудрат билан ишлашига ишонамизми? Худо айтганларига сўзсиз итоат этамизми? Мана шу саволларни ўз-ўзингизга бериб кўринг. Худо ва инсонлар орасидаги муносабат ҳақида билишга қизиқсангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга ташриф буюринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top