Narrator 1 «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди» (Мат 3:5-6).
Ассалому алайкум. Ҳар биримиз бошимиздан турли хил ҳолатларни кечирганмиз. Агар бир нечта киши бир вақтнинг ўзида бир хил холатни бошидан кечирса ҳам, уларнинг шу ҳолатдан оладиган сабоғи турлича бўлади. Яъни, ҳамма ҳам бир хил вазиятдан тўғри ва керакли хулосани чиқара олмайди. Ҳар бир имонли ҳаёти учун Худонинг иродасини билишни истайди. Унинг иродасини билишнинг бир неча йўллари бор: Худонинг Каломи орқали, Муқаддас Руҳ орқали, ҳолатлар ва бошқа биродарлар орқали.
Narrator 2 Агар фақат ҳолатларга қараб Худонинг иродасини билмоқчи бўлсангиз адашасиз. Ҳар сафар ҳаётингизда у ёки бу ҳолат содир бўлганида, ундан тўғри хулоса чиқариш, Худонинг иродасини билиш учун Каломга мурожаат қилишингиз керак бўлади. Ҳаётингизда бўлаётган ҳолат Каломга мос келиши керак. Калом ҳам, ҳолат ҳам бир нарсани сўзлаётган бўлса, демак бу сиз учун Худонинг иродаси.
Ҳаётингизда Худонинг Каломи сизнинг бошқарувчингиз бўлсин. Аммо қандай қилиб Худонинг Каломи бизнинг бошқарувчимиз бўлиши мумкин? Ҳар сафар Худонинг бошқарувини излаганингизда, Худонинг Каломида ёзилганларга диққат қилинг. Худодан Муқаддас Руҳ орқали сизга ўқиганларингизни тўғри тушунишингизга ёрдам беришини сўранг.
Narrator 1 Сиз чин дилдан Худонинг иродасини билишни истасангиз, Худо сизга гапиришини, Унинг бошқаруви бўйича яшашни истасангиз, Унинг амрларига амал қилишингиз, ҳаётингизни, ишларингизни, қарорларингизни ҳам Унинг иродасига мослаштиришингиз керак бўлади. Сиз ҳаётингизни Унинг иродасига мослаштиришни бошлашингиз билан, Худо Муқаддас Руҳ орқали қаерда ишлаётганини кўрсатади. Худо ишлаётган жойни билсангиз, Унинг ишига қўшилишингиз ҳам осонроқ бўлади. Бир ишни Худо билан бирга қилиш жуда ҳам шарафли.
Биласизки, Худо ҳолатлар орқали ҳам гапиради. Бироқ бошимиздан кечирадиганларимиз ҳар доим ҳам яхши бўлавермайди. Баъзан бу ҳолатлар бизнинг назаримида «ёмон» бўлиб кўринади. Шундай пайтларда Худога: «Нега менинг ҳаётимда шундай ёмон воқеа содир бўлаяпти?» — деб сўраймиз.
Narrator 2 Агар сизда ҳам шундай бўлса, ташвиш чекманг, бу борада ёлғиз эмассиз.
Аюб пайғамбар ёдингиздами? Унинг ҳаётида кетма-кет нохуш ва бахтсиз ҳодисалар бўлди. Бутун мол-мулки таланди, фарзандлари нобуд бўлди, бутун танасига оғриқли яра тошиб кетди. У ҳаётида нега бундай бахтсизликлар бўлаётганини тушунмасди. Бу воқеаларга Худонинг назари билан қарай олмасди. Унинг иродаси нима эканини тушунмаса ҳам Худони лаънатламади. Агар Худонинг иродасини билмасангиз, воқеаларга Унинг назари билан қарамасангиз, Худо Аюбга жуда шафқатсизлик қилаяпти деб ўйлашингиз мумкин. Бизнинг ҳаётимизда ҳам бизга ёқмайдиган бирор бир ёқимсиз ҳолат содир бўлса, унга Худонинг назари билан қарашга ҳаракат қилиш лозим. Акс ҳолда, Худони айблаб, гуноҳкор бўлиб қолиш мумкин.