3:33

Унинг вақтида

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳамма нарса ўз вақтида бўлгани яхши, тўғрими? Ўз вақтида бўлган нарса ҳаммага шодлик келтиради. Бироқ биз инсон бўлганимиз учун ҳаётимизда бўладиган яхши нарсаларнинг тезроқ амалга ошишини истаймиз. Мен ҳам бундай қусурдан ҳоли эмасман. Бир куни тонгда Калом ўқиётиб, Исо Масиҳнинг Лазарни тирилтирган парчага кўзим тушди. Бу парчани жуда кўп марталаб ўқиган бўлсам ҳам, Муқаддас Руҳ мени уни яна бир марта ўқишга ундади. Ўқидим. Бу парчани сиз ҳам ўқигансиз, ёд бўлиб кетган бўлса ажаб эмас. Парчада ёзилишича, Исо Масиҳнинг дўсти Лазар касал бўлиб қолади. Сингилиси Марям эса, Исо Масиҳдан келиб, унга ёрдам беришини сўрайди. Кунлар ўтади. Исо Масиҳдан дарак йўқ. Холбуки, Исо Масиҳ дўсти Лазарни яхши кўрарди. Одамларда шубҳа уйғонди. Наҳотки Лазарни севган яқин дўсти, у ҳаста бўлганини эшитиб ҳам келмаса?!

Narrator 2 Йўқ. У келди. Лазарнинг ўлганига тўрт кун бўлгач келди. Марям билан Марфа эса уни қаршилагани чиқиб, шундай дейишди: «Устоз агар сен шу ерда бўлганингда акам ўлмасди». Улар ҳақ эди. Агар Исо Масиҳ чақирилган заҳоти етиб келган бўлганида, Лазар ўлмаган бўларди. Исо Масиҳ жуда кўп ҳасталарни соғайтирган, дўстини ҳам албатта соғайтирган бўларди. Бироқ ҳамма кутганидай бўлмади. Сингилларнинг гапига Исо Масиҳ қандай жавоб берганини биласизми? «Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди. Кимда-ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми?» Жуда яхши жавоб ва савол. Исо Масиҳнинг сўзларини оддийроқ қилиб тушунтиришимиз мумкин.

Narrator 1 «Тўғри айтаяпсан. Агар мен ўшанда ёнида бўлганимда, уни албатта шифолаган бўлардим. У ўлмасди. Чунки, сен Менда шифолаш қудрати борлигини биласан, буни кўп марталаб кўргансан. Аммо, сен чақирган пайтингда келмаганим, сени ва акангни яхши кўрмаганимдан эмас. Сен, Марям ва Лазар Мени ҳозир билганинглардан ҳам яхшироқ билишинглар учун эди. Мен тирилиш ва ҳаёт эканимни билишингларни хоҳладим».

Кўпчилигимизнинг ҳаётимизда ҳам мана шундай ҳолатлар бўлади. Худодан бир нарсани илтижо қилиб сўраймиз. Худо кеч бўлмасидан олдин бизга жавоб беришини истаймиз. Аммо Худо биз кутган пайтда жавоб бермайди. Шундан кейин эса, «Худо мени севмайди», «Худога керагим йўқ», деган фикрга борамиз. Худо ибодатимизга жавоб бермаган бўлса, У бизни севмаганидан эмас, аксинча севганидан, бизга Ўзини тўлиқроқ ва яхшироқ кўрсатиши учун жавоб бермаган.

Narrator 2 Худо биз инсонлар каби фикрламайди. Унинг ҳаётимизда Ўз режаси бор. У ҳар сафар бизни ўзига яқинлаштиришни истайди. Агар Худо бугун сизга жавоб бермаётган бўлса, асло тушкунликка тушманг. Бу кечикиш орқали, Худо сизга яхши бир нарсани тайёрлагани аниқ.

Баъзан Худонинг ибодатимизга жавоб бермаслиги, ҳаётимиздаги гуноҳдан ҳам бўлиши мумкин. Шундай пайтда, гуноҳингизни эсланг ва тавба қилинг. Шундан кейин ҳам ибодатингизга жавоб ололмаётган бўлсангиз, кутинг. Худо сизга Ўзини бошқа томондан намоён этмоқчи. Ибодатингизга жавоб олмаганингизда, Худо менга Ўзини яна ҳам аниқроқ намоён этмоқчи, деб ўйлаб, Худога ишонишда ва итоат этишда давом этсангиз, Худога ва ҳаётингизда бўлаётган нарсаларга мутлақо бошқача назар билан қарайдиган бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top