3:24

Тегиниш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Оила – бу илиқ ва меҳр булоғи билан суғориладиган боғ. Илиқ туйғулар ва хавфсизлик бахш этадиган қўрғон. Бу қўрғонда эр-хотин ҳам болалар ҳам ўзларини эркин ва хавфсиз ҳис қилишлари керак. Бу шундай бўлиши керак аслида. Баъзан ўзимиз билмаган ҳолда оиладаги меҳр оловини пасайтириб қўямиз. Қандай қилиб дейсизми? Эътиборсизлигимиз, ҳаддан ташқари ишимизга, ўз-ўзимизга берилиб кетиб, оилани мустаҳкамлаш учун қиладиган ишларимизни унутиб қўямиз. Оила деб аталмиш, боғ ва қўрғон эр-хотиннинг бир-бирига ва болаларига берадиган меҳри туфайли, гуллаб яшнайди. Айтинг-чи, қачон охирги марта эрингизни ёки хотинингизни меҳр билан қучдингиз, ёки унинг ижобий ишларини кўриб, мақтаб қўйдингиз?! Унинг оилада қанчалик муҳим эканини охирги марта қачон эслатиб қўйдингиз?

Narrator 2 Бу нарсалар баъзан кулгили кўринади. Наҳотки шу арзимас нарсаларга ҳам эътибор қаратсак, — дейдиган эркаклар ҳам топилади. Аёл қанчалик ширин сўзларга ва меҳрга муҳтож бўлса, эр ҳам бу нарсаларга аёлдан кам муҳтож бўлмайди. Тасаввур қилинг, ишдан ҳориб келган, муаммолар гирдобидан чиқаолмаётган турмуш ўртоғингизга, унинг қанчалик оиласи ва сиз учун қаттиқ меҳнат қилаётганини, фарзандлари ҳам сиз ҳам буни қадрлашингизни айтсангиз, унинг кўнгли тоғдай кўтарилади. Бундай сўзлар фарзандлар учун ҳам ишлатилиши керак. Ҳар сафар фарзандингизнинг яхши ишини пайқаганингизда, уни рағбатлантиринг, мақтаб қўйинг. Бу уни яхши ишларга руҳлантиради.

Ҳа, айтганча, сал бўлса, асосий мавзуни унутай дебмиз-ку. Тегиниш. Биз танавий одамлармиз.

Narrator 1 Ким биландир кўришсак, қўл бериб кўришамиз. Қўл бериб сўрашиш, бошқа кишидан: «Аҳволларинг яхшими» ,- деган маънони беради. Гарчи шу сўзларни тилингизга чиқармасангиз ҳам. Бу танавий саломлашиш, мана шу сўзларни англатади. Қучоқ очиб кўришиш эса: «Мен сени соғиндим», — деган маънони беради. Қандай ажойиб! Охирги пайтларда эр-хотинлар шундай банд бўлиб кетишмоқда-ки, фарзандлари тугул ўзларига ҳам зўрға вақт ажратишади. Юқорида айтганимиздек, оила қўрғонининг меҳр олови гуркираб ёниши учун, турмуш ўртоқлар бир бирига эътиборли, меҳрли бўлишлари керак. «Турмуш ўртоғим уни севишимни билади», — деган фикр билан ишга шўнғиб кетманг. Тез-тез уни севишингизни, қадрлашингизни, унинг оилада ўрни муҳимлигини сўзлар билан, лозим бўлганда қучиб билдиришингиз керак.

Narrator 2 Бу усул фарзандларга ҳам тўғри келади. Ҳар тонг фарзандингиз, уйғонганида уни меҳр билан қучиб, ўпиб қўйинг. Кейин эса унинг кун давомида унинг қанчалик хурсанд бўлиб юришини кузатинг. Шу йўл билан сиз уни севишингизни кўрсатасиз, гарчи буни сўзлар билан айтмасангиз ҳам. Нафақат кичик ёшдаги фарзандлар, ўсмир ёшдагилар ҳам сизнинг меҳр билан тегинишингизга муҳтож бўлади. Балки, ўсмир ёшга кириб, қучишингиз унга бироз ноқулай бўлиб қолгандир, аммо меҳр билан бошини силашингизни, елкасига қоқиб қўйишингизни жуда қўмсайди. Бундай танавий мулоқот, оиладаги меҳрни намоён қилади. Фарзандларни ота-оналарга маҳкам боғлайди. Турмуш ўртоқлар ўртасидаги севгини кучайтиради. Хуллас оила деган қўрғонингиз мустаҳкам бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top