3:41

Худонинг жавоби

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бу дунёда ҳаёт кечириш осон эмас. Айниқса Худонинг йўлларидан юриш жуда қийин. Лекин, Худо билан буни уддалаш мумкин. Биз инсонлар ҳаётимизни ўзимиз бошқаришни, кўп нарсаларни ўзимиз ҳал қилиб, бажаришни истаймиз. Афсуски, баъзи нарсаларни қилиш қўлимиздан келмайди. Ҳаётимиз давомида қўлимиздан келадиган, кучимиз етадиганларнигина қила оламиз, қолганига эса, ожизлигимизни тан олиб, Худодан ёрдам кутамиз. Бугун тинглайдиган гувоҳлигингиз бир аёлнинг қалби зор бўлган ҳолатга Худонинг жавоби ҳақида. У шундай деб ёзибди: «Турмуш қурганимга 15 йил бўлди. Шу йиллар давомида, Худонинг йўлида ўсдим. Ҳозир ҳам ўсаяпман. Кўп марта қоқилдим, кўп марта Худо қўлимдан тутиб, турғизди. Мен ҳар сафар ибодатимга Худонинг жавобини олганимда, Унга бўлган ишончим ва муҳаббатим ортиб борди. Бироқ узоқ йиллар бир ибодатимга жавоб ололмай юрдим.

Narrator 2 Биласизки аёл киши, ҳис-туйғуларга берилувчан ҳилқат. Ҳар сафар бирор нарсадан хафа бўлганимда ёки сиқилганимда, турмуш ўртоғим ёнимда туриб, менга далда беришини, руҳимни кўтаришга ёрдамлашишини истардим. Ахир эр киши оиланинг руҳонийси-ку! Аммо, ҳар сафар ҳаётимизда бўлаётган бирор бир нарсадан тушкунликка тушсам, буни турмуш ўртоғим билан бўлишишга қўрқардим, чунки шундай қилсам, у мендан ҳам баттар тушкунликка тушиб кетишидан ҳавотирланардим. Биргаликда кўпгина қийин дамларни бошимизда кечирдик, Худо билан бирга енгдик, ҳар сафар унга далда беришга, кўнглини кўтаришга, қийинчиликларни енгиб ўтишимизга ишонч беришга ҳаракат қилдим. Аммо ўзим ҳам шундай далдага, руҳлантиришларга муҳтожлигимча қолардим. Қалбимдаги бундай очлик ҳеч ҳам тўлмасди. Ҳар сафар тушкунликка тушганимда, Худодан турмуш ўртоғимнинг менга ҳамдард бўлишини сўраб илтижо қилардим.

Narrator 1 Биласизми, бу ибодатни 13 йил такрорладим. Ниҳоят бир куни унинг жавобини кўрдим. Худо менинг ибодатимга жавоб берди. Тушкунликка тушганимда, мени тинчлантиришга ҳаракат қилди. Юмшоқлик, меҳрибонлик билан менга далда берди. Ўша дамда Худо менинг руҳий кўзларимни очиб, ибодатимга жавобни кўрсатди. Шу ондаёқ, юрагим шодликка тўлди. Худонинг турмуш ўртоғимдаги ишини кўрдим. У йиллар давомида турмуш ўртоғимни аста-секин яхши дардкаш ва оиланинг руҳонийси қилиб тайёрлаб келганини кўрдим. Бу жуда ажойиб эди. Неча йиллардан буён қалбимдаги бу ташналик менга азоб берган бўлса ҳам, Худо буни бажаришига заррача ҳам шубҳа қилмагандим. Шунчаки, далдага муҳтож бўлганимда, Худодан олишга, интилиб шу билан бирга турмуш ўртоғим учун ҳам ибодат қилардим.

Narrator 2 Ибодатларим бекор кетмабди. Буни мен ўз ҳаётимда кўрдим. Худо ҳар биримизнинг ибодатларимизга жавоб беради. Фақат бунинг ўз вақти бор. Худо Ўзининг вақтида, энг тўғри вақтда ибодатларимизга жавоб беради. Шу ўринда Муқаддас Каломдан бир оятни келтириб ўтмоқчиман: «Агар сизлардан бирор кишининг ҳикмати камлик қилса, ҳаммага самимият билан, таъна қилмасдан берувчи Худодан сўрасин, Худо унга беради. Лекин ҳеч шубҳа қилмасдан, имон билан сўрасин. Чунки шубҳа қилувчи киши шамолда тебранган денгиз тўлқинига ўхшайди. Ўзининг бутун йўлларида беқарор, иккиланувчи бундай одам Раббимдан бирор нарса оламан, деб хаёл қилмасин» (Ëқуб 1:5-8).» Азизлар сиз ҳам ўз гувоҳликларингизни биз билан бўлишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top