Narrator 1 Ассалому алайкум. Итоат ва муҳаббат. Бу иккисини бир-биридан алоҳида таърифлашнинг имкони йўқ. Сиз кимнидир севсангиз, унга итоат қиласиз. Албатта севмасдан, қурқув туфайлигина итоат қилиш ҳам мумкин, бироқ у ҳақиқий итоат бўлмайди. Исо Масиҳ мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар, деган эди. Худони севаман деган банда, унинг амрларига амал қилиши, унга итоат қилиши лозим. Кўп ҳолларда Худони севаман, унга итоат қиламан деймиз-у, аммо ўз билганимизча яшайверамиз. Нега ундай дейсиз? Худо агар мендан бирор нарсани сўраса, албатта бўйсунаман ва бажараман, дейсизми? Йўқ, Худонинг сизга бирор бир топшириқ беришини кутиб ўтирманг. У аллақачон сиз билан бизга керакли амрларни бериб бўлган. Худонинг Каломини очинг, у ердан Худо сиздан нимани исташини билиб оласиз. Калом «Душманингни сев», дейди. Шундай қилаяпсизми? «Ëмонликка ёмонлик билан жавоб қайтарма», — деб ёзилган.
Narrator 2 Шундай қилиш қўлимиздан келаяптими? Худодан бирор бир топшириқ келишини кутиб ўтирмай, аввал ёзилганларига ва билганларингизга амал қилинг. Худо сиздан нима исташини билиб туриб, «Худо менга бирор топшириқ берса, кейин итоат қиламан», — дейиш ўз ўзини алдаш ҳисобланади.
«Мени «Ë Раббий, ё Раббий» деб чақиргани билан ҳар бир одам Осмон Шоҳлигига киравермайди. Бунга осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирувчигина эришади. Қиёмат кунида кўплар Менга: «Ë Раббий, ё Раббий, бизлар Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номинг билан мўъжизалар яратмадикми? – дейдилар. Ўша вақтда Мен уларнинг юзига қараб: Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман. Эй бадкирдорлар, Менинг олдимдан кетинглар! — дейман» (Мат 7:21-23).
Narrator 1 Руҳан ёш бўлганимда бу парчанинг маъносини тушунмасдим. Нега Уни Раббим десам ҳам Осмон шоҳлигига киролмайман? Унга ишониб, унинг номи билан жинларни чиқарган, касалларни шифолаган инсон Осмон Шоҳлигига киролмаса, унда ким кираркин, деб ўйлардим. Жавоби ўша парчада аниқ қилиб ёзилган. Мен эса унга эътибор қилмаганман. «Бунга осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирувчигина эришади». Бу итоат қилиш дегани. Худо, Худога ишонаман, деган билан, унга бўйсунмаса, Осмон шоҳлигига кириш амри маҳол. Худога итоат қилиш ҳар нарсадан устун эканлиги Каломда аниқ ёзилган. Итоат қилиш, Исо номи билан мўъжизалар қилишдан ҳам, касалларни шифолашдан ҳам муҳимроқ.
Narrator 2 Худога итоат қилган инсон Унинг марҳамати ва баракатига эришади. Бу ҳақида Эски Аҳд китобида ёзилган. Итоат қилишнинг фойдаси биз тасаввур қила олмайдиган даражада катта. Аммо бунинг учун Худонинг халқи бўлиш, ва Унда ҳаёт тўфонларига чидай оладиган даражада кучли асосга ва ишончга эга бўлиш керак. Шундай ҳолатлар бўладики, Худога бўлган ишончимиз омонат тургандек кўринади. Шу пайтда ишониб, ҳаракат қилиш ёки ишончсизлик томон оғишиш, ҳаётимизни ўзгартирадиган оқибатларга олиб келади. Худо Ўз халқи Исроилни огоҳлантирганди: «Агар итоат қилсангизлар, сизларнинг авлодларингизни ҳам марҳаматлайман, борди-ю итоатсизлик қилсангизлар, ҳатто авлодларингиз ҳам лаънати бўлгай». Худога итоатсизлик қилишдан, эҳтиёт бўлайлик.