3:43

Кема қурувчиси – Нуҳ

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Сиз Робинзон Крузо ҳақидаги филмни томоша қилганмисиз? Унда Робинзон Крузо қайиқ ясаш учун ўрмондан катта дарахт излайди. Катта дарахтни топгач эса, уни йиқитиб, ундан қайиқ ясашга киришади. Дарахт йиқитилган жойдан денгизгача анча масофа борлиги, қайиқни ясаб бўлгач, уни қандай қилиб, сувга олиб бориш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Робинзон қайиқни ясашга киришиб кетган. Мен эса филмни томоша қилаётиб, ичимда «Хўш, қайиқни ясашга ясайсан, уни қандай қилиб сувга олиб борасан. Бу қўлингдан келмайди-ку? Бекорга уринаяпсан.»- деб ўйладим. Нуҳ пайғамбар замонидаги одамлар ҳам Нуҳга шундай фикр билдиришгани аниқ. Уни эси оғиб қолганга чиқарганлар ҳам бўлган. Худо Нуҳга кема қуриш ҳақида буйруқ бермасидан олдинги ҳаёти ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Narrator 2 Муқаддас Каломда Нуҳ ҳақида ёзилганида у 500 ёшда бўлган. Унинг беш юз ёшгача бўлган ҳаёти қандай ўтгани бизга номаълум. Аммо шуни аниқки, у солиҳ киши бўлиб, қавмида бенуқсон турмуш кечирар, Худо билан бирга юрар эди. Худо унга катта кема қуришни буюрганида, унинг Сом, Ҳом ва Ëвфит деган уч ўғиллари ва келинлари ҳам бўлган. У Худога бўлган садоқат ва ишончни катта бобоси Ҳанўҳдан ва бобоси Матушалоҳдан олган бўлса керак. Чунки Ҳанўҳ ҳам солиҳ киши бўлиб жами 365 йил умр кўриб, бирданига йўқ бўлиб кетди. Калом у ҳақида шундай дейди: «У Худо билан юрар эди, Худо эса уни олиб кетди.» (Ибт 5:24). Нуҳ пайғамбарнинг бобоси Матушалоҳ эса дунёда энг узоқ умр кўрган инсон бўлган. Матушалоҳ жами 969 йил умр кўриб ўлган. Нуҳнинг отаси Ламак ҳам солиҳ инсонлардан бўлган. Бу солиҳлик ҳамда Худога садоқатли бўлишни у отаси ва боболаридан ўрганган. Нуҳ одамзод жуда бузилиб кетган замонда яшаган. Ёвузлик ва гуноҳ кўпайган пайтда Нуҳнинг солиҳлиги одамлар орасида нурдек порлаган.

Narrator 1 Худо унга жуда ғалати ва жуда катта топшириқ берган. Бу нарса бошқаларга эмас, Нуҳга ҳам ғалати кўринган бўлса керак, шунга қарамай, Нуҳ Худога итоат қилишни маъқул кўрди. Бу қарорга келиш Нуҳга осон бўлмагани аниқ. Худонинг буйруғи устида соатлаб, кунлаб бош қотирган бўлса керак. Агар бугун Худо сиздан қўлингиздан келмайдиган, сиз учун имконсиз бўлган ва ғалати кўринадиган бир нарсани қилишни сўраса, бу ҳақида бош қотиришингиз, «Худойим, Сен мендан қила олмайдиган ишимни сўраяпсан», — деган бўлардингиз. Нуҳ ҳам балки шундай дегандир. Бироқ, барибир у Худога бўйсунишга, нима бўлса ҳам ўша кемани қуриб, охирини кўришга қарор қилди. Бу қарори билан тезгина ишга киришди. Унинг кема қураётгани ҳақидаги хабар тезгина чор-атрофга ёйилди.

Narrator 2 Бу воқеани кўришга келадиганлар сони кўпайгандан-кўпайиб борарди. Ҳамма уни эсдан оғиб қолганга чиқариб, устидан кулиб, масхара қилишарди. Бу гап-сўзларга чидаш, ҳар бирига тегишлича жавоб бериш осон бўлмаган. Ундан ташқари ўз оиласини Худонинг буйруғини бажаришга ундаш, уларни ишонтириш ҳам керак эди. У кема қуришни оиласининг ёрдамисиз битказолмасди. Нуҳдаги энг мақтовга арзигулик сифат бу – одамларнинг кулгисига қолганига, уларнинг таъзийиқлари остида ҳам ўз имонида собит тура олганидир. Бу айнан бизга керакли бўлган сифат. Биз ҳам бугунги кунда бошқаларнинг таъсири остига тушиб қолмаслик учун, имонда собит туришни Нуҳ пайғамбардан ўрганишимиз лозим. Худонинг иродасини бажаришга жуда узоқ йиллар керак бўлди. Аммо Нуҳ бунинг уддасидан чиқди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top