MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаёт қизиқ. Баъзида бутунлай сиз танимаган одамлар сизга ёрдам беради, баъзан ўз яқинларингиздан жабр кўрасиз. Худованд бир инсон ҳаётида бошқа одамлар орқали ҳам ишлаши мумкин. Агар бундан 2000 йил олдин Исо Масиҳ ҳочда бизнинг гуноҳларимиз учун қурбон бўлмаганида нима бўларди. Ахир ҳоким Пилат Унинг ўлишини истамаган. Яҳудий олийруҳонийлари эрта тонгдан Исо Масиҳни Пилатнинг олдига олиб келиб, Уни айблай бошлашди. Унинг Исога қарши ҳеч қандай хусумати йўқлиги саволларидан ҳам кўриниб турарди. «- Сен яҳудийларнинг Подшоҳимисан?» Оқсоқоллар уни тинимсиз айблаганларида, Пилат Исо Масиҳ ҳам ўзини нимадир деб оқлашини кутган эди. Оқсоқолларнинг айбларини рад этишини кутганди. Агар шундай қилганида, Пилатнинг Исо Масиҳни озод қилишига имконият очилган бўларди.

Narrator 2 Бироқ Исо Масиҳ Ўзини ҳимоя қилмади. Оқсоқолларнинг айбларини рад этмади. Чунки У шу йўл билан хочга михланиши кераклигини биларди. Бу унинг Худо тайин этган тақдири эди. Пилат римлик бўлиб, Яҳудияда яхши ҳоким бўлишга, халқнинг кўнглини топишга ҳаракат қилди. У Исонинг гап сўзларидан ҳеч қандай қинғир маъно қидирмади. У билан суҳбатдан кейин уни солиҳ одам эканлигига амин бўлди. Уни қутқариб қолишга ҳаракат қилди: «- Сизлар икковидан қай бирини озод қилишимни истайсизлар? – Бараббани! – деб жавоб беришди. Пилат уларга деди: — Унда мен Масиҳ аталган Исони нима қилай? – Хочга михлансин! – дейишди бир оғиздан. – У нима ёмонлик қилган экан? – сўради ҳоким. Лекин улар овозларини яна баландроқ кўтариб: — Хочга михлансин! – деб қичқиришди.

Narrator 1 Пилат ҳеч нарса ёрдам бермаётганини, аксинча шов-шув янада кучайиб бораётганини кўргач, — Мен бу солиҳ Одамнинг қони тўкилаётганидан бегуноҳман. Бу ишни ўзларингиз кўриб чиқинглар! – деди-да, оломоннинг кўз олдида сув олиб, қўлларини чайди.» (Мат 27:21-26). Пилат Яҳудиянинг янги ҳокими эди. У атрофда нималар бўлаётганини жуда яхши эшитиб турган. Ҳокимлар ва шоҳлар мамлакат ичида нималар бўлаётганидан доимо хабардор бўлишган. Ўша замонларда шаҳарлардан маълумотлар йиғиб келадиган хабарчилари бўлган. Шундай экан, у Исо Масиҳнинг солиҳлигига ўша биргина суҳбатнинг ўзидаёқ амин бўлгани йўқ. У авваллари ҳам Исо Масиҳ ҳақида жуда кўп эшитган бўлиши керак. Ундан ташқари у Исо Масиҳни сўроқ қилар экан, тахтда ўтирган пайтида аёлидан хабар келади.

Narrator 2 Муқаддас Каломда бу ҳақида шундай ёзилган: «У ҳакамлик курсисида ўтирганида, хотинидан хабар келди: «У солиҳ Одам билан сенинг ишинг бўлмасин. Чунки бу тунда мен тушимда У туфайли кўп азобда қолдим.». Пилатнинг хотини кечқурун қандай қийноқда қолган бўлиши мумкин. Виждони қийналганми? Ёки бўлмаса Худо тушида кўриниб, эрининг қилаётган ишлари учун уни қийнаганмикан?! Унинг қандай туш кўргани-ю, қандай қийналгани ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Бироқ, уларнинг ҳар иккиси ҳам, Исо Масиҳнинг гуноҳсиз эканлигини аниқ ҳис қилишган. Шунга қарамай, Пилатда журъатсизлик, ўз сўзида қатъий туриш каби ҳислатлар етишмасди. У Яҳудий оқсоқолларига ёқиш учун улар нима истаса, ўшани бажарди. Баъзида биз ҳам ўз сўзимизда тура олмай қоламиз. Бошқаларнинг таъсирига тушиб, улар истаганидай иш тутганимизни билмай қоламиз. Пилатнинг хатоларидан ўзингизга яраша хулоса чиқариб оласиз, деган умиддамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top