Narrator 1 Ассалому алайкум. Оилада эр-хотин ўртасидаги севги ўлиши мумкинми? Кимдир бу саволга «мумкин» деб, кимлар эса «мумкин эмас» , — деб жавоб беради. Агар Худо қалбингизга солган муҳаббатни алангалатиб турмасангиз, севгингиз совуши ва бора-бора ўлиши мумкин. Қандай қилиб эр-хотин ораларидаги севгини сақлаб қолиши ва алангалатиб туриши мумкин? Бир-бирини кечириш, тушуниш, ўзидан олдин турмуш ўртоғини ўйлаш ва ғамхўрлик қилиш орқали. Худованд эрларга хотинларини ўз танасини севгандай севиш кераклигини буюрган бўлса, хотинларга эса эрини ҳурмат қилишни ва итоат этишни буюрган. Эр-хотин ўзидан олдин турмуш ўртоғининг манфаатлари ҳақида ўйласа, уни тушунишга ҳаракат қилса, оиладаги муҳаббат олови сўнмайди.
Narrator 2 Баъзан аёллар севган ёрини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, уларни ҳаддан ташқари кўп тергайди. Доимо унинг нималар билан бандлигини ўзича кузатади. Бунинг оқибатида бўлар-бўлмасга рашк қилади. Беҳуда рашк эр кишининг ғазабини қўзғатади. Аёлнинг ёки эркакнинг ўз турмуш ўртоғига ишонмаслиги ҳам уларнинг кўнглини оғритиши мумкин. Ҳадеб рашк қиладиган хотин ҳам, эр ҳам ҳеч нарса ютмайди. Фақат турмуш ўртоғининг жонига тегади. Оила фаровонлиги учун эр ҳам хотин ҳам астойдил ҳаракат қилиши лозим. Эрни ўзгартиришга ҳаракат қилиш, уни оила учун бирор бир ишни қилишга ундаш ва қилмаганда ҳадеб танқид қилавериш, эрни хотиндан бездиради. Бу ҳолатда аёл киши тўғри вақтда маслаҳат бериш билан чегараланиши етарли. Аёл ҳам ўз устида ишлаши лозим.
Narrator 1 Масалан, турмушга чиқишдан олдин унчалик пазанда бўлмаган бўлса, турмушга чиққач вақт топиб, пазандачилик курсларига қатнашсин. Ўрганганларини оиланинг кечки дастурхонига тортиб, эрини ҳам фарзандларини ҳам хурсанд қилсин. Доимо, «Ўғлингизнинг у кийими йўқ, қизингизнинг бу кийими йўқ», — дегандан кўра, аёл киши тикувчиликни ўрганиб, фарзандларига ҳам, ўзига ҳам зарур бўлганда турмуш ўртоғига ҳам бежирим, чиройли кийимлар тикиб берса, эр ҳам хурсанд бўлади.
Турмуш қурган эр-хотин бир-биридан идеал инсонни изламаслиги керак. Бу дунёда эр истагандек аёл ёки аёл истагандек эркак йўқ. Ҳеч ким идеал эмас. Хотинидаги ёки эридаги бирор бир жиҳат ёқмаса, идел хотин ёки эрни кўчадан изламаслик керак. Сиз кўчада кўрган келишган, тиришқоқ, тадбиркор эр ҳам, гўзал, меҳрибон, мулойим аёл ҳам идеал бўла олмайди.
Narrator 2 Шунинг учун турмуш ўртоғингиздан миянгизда ўзингиз истагандек идеал эрни ва аёлни талаб қилманг. Эр-хотин доимо бир-бирларига ёқиш учун биринчи даражали эр ёки аёл бўлишга ҳаракат қилишлари керак. Бундай ҳаракатлар, оиладаги муҳаббат оловини гуркираб ёнишига хизмат қилади. Бирор бир ишлар ёки муаммолар билан чалғиган турмуш ўртоғингизга эътиборлироқ бўлинг. Ўз муҳаббатингиз, эътиборингиз билан у ҳам сизга эътибор кўрсатишини ишора қилиб қўйинг. Оиладаги меҳрни сақлаб қолишни истаган ҳар қандай эр ҳотин бу ишорани ўтказиб юбормайди.
Эр-хотин муаммоларни, ҳаётнинг қийинлигини рўкач қилиб, ташқи кўринишига бепарво бўлмаслиги керак. Улар биринчи ўринда ўзларини ва кейин бир-бирларини ҳурмат қилган ҳолда, оилани мустаҳкам сақлай оладилар. Эркаклар ўзини ҳурмат қилган аёлни, аёллар эса ўзини ҳурмат қилган эркакларни ёқтиришади. Шундай экан, оила аталмиш қўрғонингизни муҳаббатингиз олови билан иситинг.