2:36

Уй гуруҳлари 43

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан яна кичик уй жамоатлари ҳақида суҳбатлашсак. Ҳар биримизга маълумки, кичик уй гуруҳларининг бошқарувчи етакчилари бўлади.

Чўпонлар деб айтишимиз ҳам мумкин. Бундан ташқари, яна оқсоқол деган бошқарувчи ҳам бор. Оқсоқол асосан бутун уй гуруҳларини бошқаради. Агар тушунарлироқ айтадиган бўлсак, уй гуруҳлари кўпайиб, маълум даражага етганида, албатта, яна бошқа гуруҳларга бўлиниб боради.

Шундай қилиб, бир гуруҳдан бир нечта гуруҳлар ташкил топади. Шу гуруҳларни барчасини бошқариб турувчини биз оқсоқол деб айтамиз. Оқсоқолни танлашда асосан гуруҳлар орасидан танланади. Оқсоқол, албатта, барча биродарларнинг ҳурматига сазовор ва обрули, энг муҳими, Худованд билан мустаҳкам алоқада бўладиган киши бўлиши керак.

Оқсоқол бутун гуруҳларнинг соғлом ўсиб боришига ҳамда бошқа гуруҳ ва жамоатлар билан бўладиган алоқалари учун жавобгар бўлади. Оқсоқол, албатта, барча гуруҳларнинг етакчилари, яъни чўпонлари билан доимо алоқада бўлиб туриши керак. Уларга ўзининг маслаҳатларини ва гуруҳни бошқариш усулларини ўргатиб туриши керак.

Оқсоқолларнинг баъзида бўлсада, ҳар бир уй гуруҳларида меҳмон бўлиб туриши, гуруҳ аъзоларини янада руҳлантиради. Оқсоқоллар гуруҳдаги биродарларга доимо ўрнак бўлиши керак.

Азиз биродарлар, оқсоқол бўлиш ёки гуруҳларда чўпонлик қилиш, бу қандайдир амал эмас. Бу Худованд учун ажойиб хизмат бўлиши керак. Чўпон ёки оқсоқол доимо ўзини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсата олиши керак.

Агар кимдир: бошқаларга Хушхабар айтинг, — десаю, лекин ўзи ўрнак бўлмаса, бошқа биродарларда кўплаб саволлар пайдо бўлиши мумкин. Ҳурматли биродарлар, жамоатни бошқариш бу — директордек бўлиш ёки бирон-бир корхонани бошқариш дегани эмас.

Доимо ёдимизда бўлиши керак, ҳар бир хизматчи Худонинг қўзиларини боқувчи чўпондир. Агар доимо қўл остимиздагаи биродарларга озор берадиган бўлсак ёки уларга қўполлик қилиб бошқарадиган бўлсак, вақт келиб, қўл остингиздаги қўзиларни йўқотишингиз аниқ. Азизлар, севги ва меҳрибонлик ила кўп нарсага эришиш мумкинлигини ҳар биримиз яхши биламиз.

Азизлар, сиз билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга, эслатиб ўтмоқчиман. Марҳамат, эслаб қолинг: www.najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top