3:25

Уй гуруҳлари 97

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-саломат учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Азиз ота-оналар, кўпчилигимизнинг болалик даврларимиз қандай равишда ўтганлиги ҳали хануз ёдимизда бўлса керак. Албатта кўпчилик биродарлар болалик даврини Худосиз ўтқазган. Ўйлайманки, бу ота ва оналаримизнинг айби эмас. Худога шукур, ҳозирга келиб, аста-секинлик билан болаларимиз ҳам тирик Худони таниб билишяпти. Бу бизнинг болалик давримиз билан тубдан фарқ қилади.

Шундай экан, болаларимизни янада Худовандни таниб билиши учун ҳар биримиз қўлимиздан келган хизматни қилайлик. Ахир шунча давр ўзимиз Худосиз яшаб келганимиз етарли бўлса керак. Азизлар, фарзандларимизни Худованднинг йўлига етаклаш барчамиз учун аҳамиятлидир. Сабаби, ўзимиз қатнаётган гуруҳнинг ҳамда миллий масиҳийликнинг, келажак имонининг мустаҳкам бўлиши мана шу улғайиб келаётган ёш авлодларнинг қўлидадир. Азизлар, тўғри ҳозир кўпгина қийинчиликлар даври бошимиздан ўтмоқда.

Лекин мен шахсан ишонаман, шундай вақтлар келадики, фарзандларимиз бемалол кўча-куйларда Худовандни улуғлаб қўшиқ куйлайдилар. Азизлар, Янги Аҳд китобини четга суриб, Эски Аҳд китобига мурожаат қиладиган бўлсак, ҳатто Эски Аҳд китобида ҳам, биз ухлаб эрта тонгда ўз ўрнимиздан уйғонганимизда, ўз уйимизда ҳам, ҳатто кўча-куйларда ҳам, яна ухлашга ётаётганимизда ҳам болаларимизнинг юракларига Худованднинг севгиси ҳақида гапириб сингдириб боришимиз буюрилган. Демак, ота-оналар фарзандларига доимо Худо ҳақида гапириб боришлари бизга амр сифатида айтиб ўтилган.

Азиз биродарлар, ўзингиз қатнаётган кичик уй гуруҳларида ҳам болалар йиғилишларини ташкил қилишингиз мумкин. Балки Худованд айнан сиз учун шу хизматни бергандир. Болаларни асло руҳий озиқасиз қолдирманг, руҳий оч инсоннинг ҳаёти ўлим билан якун топади. Болаларга гуруҳларда нималарни ўргатиш мумкин? Биргаликда калом ўқиб, ибодат қилиш, каломдан оятлар ёдлаш, ҳатто болалар учун мулжалланган қўшиқларни биргаликда куйлаб, Худони улуғлаш мумкин.

Бундан ташқари болаларнинг севимли машғулотларидан бири — турли ўйинлардир. Ҳозир болалар учун мулжалланган турли ўйинларни кўплаб топиш мумкин. Бундай ўйинларни ҳатто ўтилган мавзуларни такрорлаш сифатида ҳам ўргатсангиз бўлади. Орадан икки уч йил ўтгач, болаларингиз катта бўлиб қолишади, шунда бемалол уларни ҳам катталар йиғилишига қатнаштириш мумкин. Азиз биродарлар, ўз фарзандларингиз учун доимо ўзингиз ғамхўрлик қилинг. Уларни ҳеч қачон руҳий оч қолишига йўл қўйманг. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашиб, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Ҳурматли биродарлар, агар сизларга болалар учун турли материаллар керак бўлса, ушбу манзилга мактуб йўлланг. Ҳозирча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top