2:48

Уй гуруҳлари 44

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда сизлар билан “Дилкаш” радиоси. Азизлар, сиз билан радиомиз қаршисида омонлик билан учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Кичик уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимиз яна эфирда.

Азизлар, кичик уй гуруҳлари кўпайиб туриши учун оддий ва содда шакл керак. Яъни, гуруҳни олиб бориш учун усуллар оддий ва одамлар учун қулай бўлиши керак. Агар гуруҳни бошқариш учун махсус қобилиятлар ёки ўқишни битириш шарт бўлса, янги гуруҳни бошқарувчини топиш анча мунча қийин бўлиши мумкин.

Албатта, бунинг ўзига яраша гуруҳга таъсири бўлади ва гуруҳнинг ўсиши секинлашади. Демак, уй гуруҳларининг бемалол кўпайиб ўсиб бориши учун гуруҳни олиб бориш мураккаб қоидаларга асосланмаган бўлиши керак. Аксинча, оддий имонли биродар, бир оз тайёргарлик кўрганидан сўнг, гуруҳни бошқариши мумкин бўлсин.

Албатта, уй гуруҳининг муҳити жойдаги маданиятга мос бўлиши керак. 1 Коринфияликларга мактубининг 9 боби 19 оятдан 22 оятида ёзилишича, йиғилишнинг шакли ва тартиби биродарларни, айниқса, янги имонга келган биродарларни васвасага солиб қўймаслиги керак. Келинг, азизлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрсак:

“Мен ҳаммасидан озод бўлсам ҳам, янада кўпроқ одамни эргаштирай деб, ўзимни ҳаммасига қул этдим. Яҳудийларни эргаштирай деб, яҳудийларга яҳудий каби бўлдим. Ўзим Таврот Қонунига қарам бўлсамда, қарам бўлганларни эргаштирай деб, улар учун Қонунга қарамдай бўлдим.

Мен Худо олдида қонунсиз ҳам эмасман, aксинча, Масиҳнинг Қонунига бўйсунаман. Аммо Илоҳий Қонунни билмаганларни эргаштирай деб, улар учун Қонундан бехабардай бўлдим. Заифларни эргаштирай деб, улар учун заиф бўлдим.

Ҳеч бўлмаса баъзиларни қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим”. Демак, кичик уй гуруҳларидаги янги биродарларни васвасага солмаслик учун ҳамма нарсага эътибор беришимиз керак.

Аёллар бошларига рўмол ўрашлари керакми ёки йўқми, қандай мусиқа асбоблари ишлатилиши керак, эркаклар ва аёллар биргаликда йиғилишларда иштирок этишлари керакми ёки алоҳида йиғилишлари керакми, ҳаммаси эътибордан четда қолмаслиги керак, деб ўйлайман.

Ҳурматли радио тингловчи, албатта, мана шу мавзуда сизларнинг фикрларингизни билишни жуда-жуда истардик. Агар имконингиз бўлса, бизнинг электрон почтамизга ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ёзиб юборасиз деган умиддаман. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top