Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан мен, эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азизлар, Худованд биз имонлиларга радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашишга имконият бермоқда, шу имконият учун миннатдормиз.
Кўпинча айрим биродарларимиздан эшитиб қоламиз: “Эҳ, агар масиҳий бўлмаганимда, ҳозир шу ишни қилган бўлардим”. Бундай гаплар шу инсоннинг руҳан ўсмаганлигидан ва ҳали ҳам Раббимиз Исо Масиҳнинг қандай буюк ишни амалга оширганидан хабари йўқлигини англатади.
Шундай инсонлар нима учун Масиҳга ишонганидан айрим пайтларда бўлса-да хафа бўлишларининг яна бошқа сабаблари ҳам бор. Чунки улар кучсиздирлар. Баъзи пайтларда улар ўйлаши мумкин:
“Мен кимгадир устозлик қилишим шартми ёки мен шунга мажбурманми?” — деган гаплар. Ёки бўлмаса, наҳотки бир кун бўлса ҳам Муқаддас каломни ўқишни тўхтата олмайман? Бўлди, мен ҳар якшанба куни ибодатхонага боролмайман, бир кун бўлса-да дам олишни хоҳлайман деб.
Булардан ташқари, Худовандга ҳам нолиб қолишимиз мумкин: “Худованд, мен наҳотки ҳар куни кимгадир Сен ҳақингда гапиришим керак?! Наҳотки ҳар куни ён қўшнимга Сени кимлигингни айтиб туришим керак?!
Худойим, мен шундай васвасалардан чарчадим. Ўзинг мени қўллаб-қувватла, менга ёрдам бер, мен барчасидан чарчадим”. Биродарларда шундай фикр ва ҳаёлларнинг бўлиб туришини ҳеч ким инкор этолмайди.
Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бўлиши мумкин экан. Азизлар, балки сизнинг умр йўлдошингиз ҳали Худога ўзини тўлиқ бағишламаган бўлиши ёки бутунлай ҳали Исо Масиҳга ишонмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Бундай ҳолатлар инсонни, албатта, руҳан чарчатиб қўяди. Шунинг учун, ҳурматли чўпонлар, қўл остингизда хизмат қилаётган хизматчиларнинг ҳолидан доимо хабардор бўлиб туринг.
Майли, у инсон сиз билан хизмат қилаётган бўлсин, ёки бўлмаса, умуман бошқа бир биродарлар билан хизмат қилаётган бўлсин, фарқи йўқ. Чунки барчамиз бир тирик Худонинг танланган хизматчиларимиз ва ҳар биримиз Унга турли хизматларни қиляпмиз.
Кимнидир янада руҳлантириш ва уни руҳий ҳаётини қўллаб-қувватлаш ҳар биримизга янада Худонинг марҳаматини олиб келади. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернетдаги ўзимизнинг сайтимизни манзилини сиз, азизларга, эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчилар.