2:34

Руҳий ғалаба 157

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз.

Бизнинг Раббимиз Исо Масиҳга бўлган ишончимизнинг ажойиб томони шундаки, абадий ҳаётга биз ўзимизнинг куч-қувватимиз ва ҳаракатимиз билан эга бўлмадик ва ўзимизнинг кучимиз ила уни ушлаб турганимиз ҳам йўқ.

Аксинча, Раб Исо бизни Ўзининг шу абадий ҳаётига лойиқ деб билгани учун У бизни шу жойда мустаҳкам ушлаб турибди. Буни биз Худонинг кучли қудратли Худо эканлиги деб билишимиз учун айтяпман.

Юҳанно китобининг 10 боби 29 оятида Раббимиз Исо Масиҳ шундай деб айтади: “Уларни менга берган Отам ҳаммадан буюкдир. Отамнинг қўлидан уларни тортиб олишга ҳеч кимнинг кучи етмайди”.

Шу бобнинг 28 оятини ўқиб кўрганимизда, Раббимиз Исо Масиҳ “Менинг қўлимдан” деган гапни айтган эди. Ҳозирги оятимизда эса “Отамнинг қўлидан” деган гапни айтяпти. Азизлар, ушбу айтилган гапларни биз бемалол икки томонлама ҳимоя деб айтишимиз мумкин.

Бундан ташқари, Раб Исо яна нима деб айтмоқчи эди? У шундай демоқчи эди:

“Қўрқманг, азизлар, сизни ҳеч ким ва сиздаги абадий ҳаётни ҳеч ким тортиб олмайди, бунга уларнинг кучи ҳам етмайди, чунки сиз Худога тегишлисиз ва Худованднинг мустаҳкам ва кучли қўли сизларни ҳар бирингизни тутиб турибди.”

Азиз биродарлар, айнан шу фикрни ҳаворий Павлус ҳам Римликларга китобининг 8 боби 38 ва 39 оятларида айтиб турибди. Келинг, азизлар, биргаликда ушбу оятни ўқиб кўрамиз.

“Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, ва на фаришталар ва на жин ажинлар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар, на баландликлар ва на чуқурликлар, ҳамда на яратилган бошқа мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас”.

Азиз биродар, агар сиздаги имон ҳақиқий имон бўлса, шайтон сизга ва сизнинг руҳингизга путур етқазишига асло йўл қўйманг. Қандай қилиб дейсизми? Албатта, Худованд билан ҳамма нарсани амалга ошира оласиз.

Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимизга якун ясар эканман, сиз радио тингловчиларга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим, марҳамат, ёзиб олинг: www.najot.com

Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top