3:34

Руҳий ғалаба 280

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан жуда миннатдорман. Марҳамат, тингланг, эшиттиришимизни бошлаймиз. Шайтон табиатининг ўзига хос қирралари мавжуд бўлиб, биз имонлилар албатта, улар ҳақида билиб қўйишимиз керак. Муқаддас Каломда кўрганимиздек, шайтон бошда ўзига берилган мавқе ва ҳокимиятга кўра жуда катта қудратга эга. Унинг қудрати шу қадар катталигидан бош фаришта Микойил ҳам “иблисни қарғашга журъат этолмаган” ёзилган Яҳудо китоби 1 боб 9 оятида.

Бундан ташқари, шайтоннинг бу дунё ишларига кўрсатадиган таъсири ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Шайтоннинг турли-туман исмлари унинг дунё тизимини қандай бошқаришини ўзида акс эттиради. Юқорида айтиб ўтганимиздек, у “бу дунёнинг ҳокими”, “бу дунёнинг тангриси” ва “фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким” деб аталади. Муқаддас Калом “бутун дунё шайтоннинг ҳукмидадир” деб айтади 1 Юҳанно мактубининг 5 боби 19 оятида. Шайтоннинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири шуки, у ўзининг разил ишларини қисман жинлар орқали бажаради.

Бу ҳақида азиз тингловчи, Матто Хушхабар китобининг 2 боби 24 оятида ҳамда 25 боби 41 оятидан ўқиб олишингиз мумкин. Бундан ташқари яна Ваҳий китобининг 12 боби 7 ва 9 оятларида ҳам айнан шу ҳақида ўқиб олишингиз мумкин. Жинларнинг фаоллашган, одамларга кўпроқ зиён-заҳмат етказган даври Ҳазрати Исонинг биринчи марта ерга келиши даврига тўғри келади. Чунки Нажоткоримиз шайтон салтанатининг тинчини бузиб, унга қарши ҳужум бошлаган пайти эди-да. Шунга ўхшаш фаоллашиш Ҳазрати Исонинг иккинчи бор келишига яқин содир бўлади, чунки Раббимизнинг иккинчи ташрифи шайтон ва унинг нопок издошлари учун узил-кесил мағлубият билан тугайди.

Бу ҳақида ҳам Муқаддас каломингизнинг Ваҳий китоби 9 боби 1 оятидан то 17 оятигача бўлган жойдан ўқиб кўришингиз мумкин. Шунингдек, 12 боб 12 оятида ҳам шу ҳақида ёзилган. Шайтон ўзига яраша ўта ақлли ҳамдир. У ана шу ақл-идроки ёрдамида Одам Ато ва Момо Ҳавони алдади ва ердаги ҳокимиятни улардан тортиб олди. Шайтоннинг ақлу идроки ва топқирлиги одамларни йўлдан оздиришда, алдашда унга катта имконият яратади. Бироқ қанчалик тез таъсир ўтказадиган бўлмасин, шайтон табиатининг ёки хусусиятларининг чегараси бор.

Шайтоннинг қудрати ҳеч қачон Худо томонидан қўйилган махсус чегарадан ошиб кетмайди. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил бўлиши мумкин. Худованднинг рўхсатисиз у ҳеч кимга зарар етқаза олмайди. Азиз биродарлар, шайтонга нимадир қилишга имкон бермайлик. Шунда Худованд барчамизни марҳаматлайди. Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумиз охирлаб қолди, сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top