3:08

Уй гуруҳлари 51

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар бир янги бошланадиган ишни, албатта, ибодат билан бошлаган маъқул. Гуруҳ бошқарувчиси, албатта, ибодат орқали жамоат учун Худонинг иродасини сўраши керак. Агар бошқарувчи кимнингдир бошқарувчи бўлишини истаётган бўлса, албатта, Худодан шу биродар ҳақида ибодат қилиб, Худонинг хоҳиш-иродасини билишга ҳаракат қилинг.

Ҳар бир бошлаган ишимизда Худонинг розилиги бўлгани маъқул. Шундагина Худованд билан бошланган иш охиригача боради. Агар инсон ўзининг хоҳиш- истаги орқали ҳаракат қилса, балки ушбу иш ҳам амалга ошиб қолиши мумкин. Лекин бошланган ишни охиригача бормай, ярим йўлда парчаланиб кетиши аниқ. Аввалом бор бошқарувчи бўлишни истаган биродар Худога ўзини бағишлашни ўрганиши керак. Доимо Исо Масиҳга эргашишни истаб, ўзининг камчиликларини тан олиб Худога бўйсунадиган, камтарин ва имонда ўсиб борадиган биродар бўлсин.

1Тимўтийга мактубининг 3 боби 8 оятдан 13 оятигача бўлган жойда айтилган одамдек бўлишга ҳар бир биродар ҳаракат қилсин. Гуруҳ бошқарувчининг жавобгарлигини тан олиб, Худонинг ёрдами ила уни бажаришга тайёр бўлсин. Азизлар, ҳозирги кунда аввалгига нисбатан хизмат қилиш бир мунча мушкулроқ бўлиб қолди десак, хато бўлмас. Лекин ҳар қандай муаммолар ҳам Худонинг ишига тўсқинлик қилолмаслиги керак. Шундай экан, ҳар қандай имкониятдан фойдаланиб, Худога хизмат қилайлик. Ҳатто гуруҳдаги ёши катта инсонлар ҳам ўзларига яраша айрим хизматларни олиб бориши мумкин.

Масалан: беморларнинг ҳолидан хабар олиб туриш, тажрибаси йўқ бўлган биродарларга тўғри йўл кўрсатиб ўзларининг қимматли маслаҳатларини бериш ҳам Худо учун хизмат ҳисобланади. Айниқса йиғилишларга келмай қолган биродарлар билан учрашиб уларни яна жамоатга қайтариш, Хушхабар айтиш ҳам ажойиб хизмат турларидан десак бўлади. Ҳурматли бошқарувчи биродарлар, доимо ўз гуруҳингиздаги бошқа биродарлар билан маслаҳатлашиб туринг. Ўзингиз доимо қарор қилсангиз, кунлар келиб, бошқаларнинг норози бўлишига учрашингиз мумкин. Агар ўрни бўлса, бир ўзбек мақолини шу жойда келтириб ўтмоқчиман. Халқимиз айтади: “Маслаҳатли тўй тарқамас,” деб. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай.

Азиз биродар, деҳқон одам доимо ўзининг эккан ҳосилидан келгусида яхши ҳосил олиш учун яхши уруғлик ҳам ажратиб олиб қўяди. Шунга ўхшаб, ўзингиздан кейин сизнинг ишингизни давом эттирадиган одамни ҳозирдан тайёрлаб боринг. Сиз ва сизнинг шогирдингиз доимо Худонинг шоҳлигини кенгайтиришга ҳаракат қилинг. Азизлар, бугунги эшиттиришимизга шу жойда нуқта қўйиб, сизлар билан хайрлашмоқчиман. Хайрлашишдан аввал эса, сиз азизларга, ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com азизлар, мактубларингизни кутиб қоламиз. Хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top