3:00

Уй гуруҳлари 54

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳозирги кунда Худованд кичик уй жамоатлари гуруҳлари орқали ҳам Ўзининг улуғ ишларини амалга ошириб келмоқда. Бундай деб айтишимизга арзирли бир нечта сабаблар ҳам бор. Худованд ҳозир улкамизнинг узоқ-узоқдаги қишлоқларида ҳам Ўзининг фарзандларини танлаб олиб уларни ишлатяпти.

Албатта, қишлоқларда ва туманларда йиғилишларни ташкиллаштириш анча қийинчиликлар туғдиради. Бунинг сабабини сиз, азиз тингловчиларга, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шунинг учун шаҳардаги биродарлар қишлоқдаги биродарларнинг ҳолидан хабар олиб турсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, қишлоқларга борганимизда шу жойнинг маданиятини ҳисобга олиш керак. Айрим пайтларда ўйламай қилган ишларимиз орқали қишлоқдаги биродарларга ёрдам бериш ўрнига анча муаммоларни келтириб чиқаришимиз мумкин.

Масалан, айрим қишлоқдаги инсонларга шортикда юриш ва ҳамда аёлларнинг шимда юриши анча бегона. Бундан ташқари, қишлоқ жойларга борган пайтимизда кўзга ташланадиган машиналарни ҳам бошқа жойда қолдириб борган маъқул, деб ўйлаймиз. Чунки қишлоқдаги инсонлар учун айрим машиналар тез кўзга ташланади ҳамда улар кимни уйига келди, сабаби нима, тезда аниқлаштириб олишлари мумкин. Ҳурматли биродарлар, қишлоқдаги биродарларнинг руҳан ўсиб Раббимиз Исо Масиҳга хизмат қилишларини истасак, доимо уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутишимиз ва уларнинг йўл-йўриқлари бўйича қишлоқларга боришимиз керак.

Баъзи пайтларда биродарларни олдига боришни умуман имкони бўлмаслиги мумкин. Бундай пайтларда уларга қандай ёрдам бериш мумкин? Албатта, уларнинг ўзларини шаҳарга чақириш яхши усуллардан бири. Тўғри, ҳаммани бирданига чақиришнинг имкони бўлмайди, балки икки ёки уч кишидан навбати билан чақириб, уларга руҳий кўмак кўрсатиш мумкин. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳозирги кунда бир-биримиз учун доимо тинимсиз ибодатда бўлишимиз керак. Агар кимдир қувғинга учраганини эшитиб қолсангиз, шу биродар учун ибодат қилишга эринманг.

Чунки биз, масиҳий инсонлар — барчамиз ака-ука, опа-сингиллармиз. Масиҳнинг танасида барчамиз бирмиз. Қувғиндаги биродарнинг оиласидан хабар олиш ва уларга руҳий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш ҳар биримиз учун жуда зарур. Майли, шу биродар бошқа жамоат аъзоси бўлсин, балки сиз уни танимассиз. Лекин кўрсатилган ёрдам орқали орамизда бирлик пайдо бўлади. Бирга бўлсак ҳеч ким енга олмайди. Омин. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, оилангизга тинчлик ва ҳотиржамлик тилайман. Шу билан бирга, азизлар, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини эслатиб ўтсам, марҳамат, эслаб қолинг: www.najot.com яна радиомиз қаршисида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top