2:19

Уй гуруҳлари 90

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли кичик уй гуруҳидаги биродарлар, биз ким ва қандай хизматчи бўлишимиздан қаътий назар, ҳар бир имонли биродар ва гуруҳингиздаги барча биродарлар Худога тегишли инсонлардир. Ҳатто сиз хизмат қилаётган кичик уй жамоати ҳам Худовандга тегишли. Ҳурматли хизматчи, ҳеч қачон ўзингиз хизмат қилаётган гуруҳни меники деб айтманг.

Дунёдаги ҳар хил ташкилотлар ва жамоатлар бир кишининг ҳаракати орқали ташкил топади. Худованднинг жамоати эса-чи? Азизлар, қўйидаги оятлар орқали шу саволларимизга жавоб топишимиз мумкин. Жамоатнинг асосий қурувчиси ким ўзи? Албатта Раббимиз Исо Масиҳ, деб жавоб қиламиз. Матто китобининг 16 боби 18 оятини биргаликда ўқиб кўрайлик: “Мен Ўз умматимни бу тош устида бунёд этаман, жаҳаннам кучлари эса ундан устун чиқмас”. Энди азизлар, жамоатнинг боши ким деган саволга ҳам жавоб топишга уриниб кўрайлик-чи?

Албатта ушбу саволимизга ҳам арзигулик жавоб — Раббимиз Исо Масиҳ деган жавоб бўлади. Эфесликларга мактубининг 4 боби 15 оятини ҳам биргаликда ўқиб кўрамиз: “Биз, аксинча, ҳақиқат ва муҳаббатга содиқ қолиб, ҳар жиҳатдан баданнинг боши -Масиҳ томон ўсиб борайлик”. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳозирги саволимиз ҳар бир гуруҳ хизматчилари учун жуда муҳимдир. Жамоатнинг чўпони ким деган саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз. Албатта, жамоатнинг бош чўпони Раббимиз Исо Масиҳдир.

Юҳанно 10 боб14 оятида ёзилишича: “Мен яхши Чўпонман. Мен Ўзимникиларни биламан, Ўзимникилар эса Мени биладилар,” — деб айтган эди Раббимиз Исо Масиҳ. Ҳурматли радио тингловчи, жамоатдаги асосий хўжайин кимлигини билиб олдик, деб айтишимиз мумкин. Энди жамоатнинг ўқитувчиси ким деган саволга ҳам жавоб топишга ҳаракат қилайлик. Чунки кимдир айтиши мумкин: гуруҳда мен ваъз гапираман, биродарлар билан доимо мен алоқада бўламан, нима учун Раб Исо Масиҳ жамоатнинг ўқитувчиси бўлиши керак, деб.

Азизлар, Юҳанно китобининг 14 боби 16 ва 26 оятларида шундай ёзилади: “Мен Отамга мурожаат қиламан, ва У то абад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини юборади… Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади” — деб айтган. Азизлар, демак, имонлилар жамоатини Худованд ташкил этади ва У хўжайинлик қилади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top