Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Азизлар, агар ҳозирги шарт-шароитни олиб қарайдиган бўлсак, энг қулай усул, уй жамоатларида йиғилиб Худовандни улуғлашдир. Асосан, ҳозир кичик уй гуруҳларида учрашувлар бир хил вақтда ва бир хил тартибда бўлиб ўтади. Азиз биродарлар, аслида йиғилишнинг маълум вақтда ўтқазиз тартиби белгиланмаган. Сиз ўзингизга ва бошқа иштирокчиларга қулай вақтда йиғилишларингизни ўтқазишингиз мумкин. Йиғилишлардаги асосий қисмлардан ташқари, бошқа тадбирлар ҳам бўлиб туради.
Масалан, юқоридан туғилиш, яъни сувга чўмдириш маросими. Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқни Худога бағишлаш, яна болалар ўн икки ёшга тўлганларида нишонланадиган туғилган кун, бундан ташқари эса суннат тўйлари ҳам бор. Жамоат аъзоларининг никоҳ тўйлари ҳам жамоатларни биргаликда иштирок этадиган маросимларидир. Албатта, кичик уй гуруҳлари бундай маросимларни ташкиллаштиришда тўлиқ иштирок этолмаслиги мумкин. Лекин шунга қарамай, қўлдан келгунча маросимларда иштирок этиш ва биродарларни қўллаб-қувватлаш, иштирокчиларга янада куч-қувват ва руҳий куч бағишлайди. Ҳар қандай маросимларни биргаликда ўтқазиш давомида ҳар бир масиҳий биродардан максимал даражада донолик талаб этилади.
Бошқаларни васвасага солмасдан ва уларнинг айтганларига қаршилик билдирмасдан олиб борилган иш тинчлик ва ҳотиржамлик билан ўтади, деб сиз, азизларни, ишонтира оламиз. Албатта, биз масиҳийлар учун асосий йиғилишларимиз жуда муҳим ҳисобланади. Йиғилиш пайтида доимо бир хил тартиб-қоидага амал қилавериш иштирокчиларни зериктириб қўйиши аниқ. Шунинг учун баъзида йиғилишнинг нафақат вақтини, балки тартибини ҳам ўзгартириб туриш жуда муҳим. Агар жамоат аъзоларини руҳий кучли бўлишларини истасангиз, ҳафта давомида улар билан биргаликда ибодат қилиш учун ҳам учрашиб туришингиз мумкин. Бундан ташқари, оилалилар, қариялар, беморларнинг ҳам ҳолидан хабар олиб туриш керак. Агар гуруҳ етакчилари фақатгина ҳафтада бир марта йиғилиш давомида биродарлар билан гаплашса, иштирокчиларни ўзларидан узоқлаштириб қўйишлари мумкин.
Етакчилар доимо ўзларининг гуруҳлари учун тинимсиз ибодатда бўлишлари керак. Гуруҳингизда турли одамлар ўзларининг турли муаммолари билан сизга мурожаат қилишади. Агар уларга ёрдам бериш қўлингиздан келса, ҳеч қачон ёрдамингизни биродарлардан аяманг. Жуда бўлмаганда, биргаликда ибодат қилиш ҳам сизнинг бошқаларга бефарқ эмаслигингиздан далолат беради. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худовандга хизмат қилиш ҳамма жойда ҳам ўзига яраша қийинчиликларга эгадир. Худованд сизга Ўзининг ушбу хизматини ишониб берган экан, уни охиригача чиройли давом эттиришга ҳаракат қилинг. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, мактубларингизни кутиб қоламан. Азизлар, мактубларингизни бизнинг: dilkash@najot.com электрон почтамизга юборишингиз мумкин. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азизлар.