3:17

Руҳий ғалаба 170

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз биродарлар, биз масиҳийлар, агар Худонинг ўйлаб қўйган режалари асосида шайтон билан руҳий жанг олиб борсак, бу ҳеч бир масиҳийга қийинчилик туғдирмайди. Ростини айтиб ўтишимиз керак. Кўпчилигимизнинг руҳий жанг пайтида дуч келадиган қийинчиликларимизга асосан ўз кучимиз билан ҳаракат қилишимиз сабабчи бўлади.

Шайтон билан ўртамизда бўлиб турадиган жангга тайёрланишимиз учун маълум бир дарсларни ўрганишимиз ва белгиланган дастурлар асосида жанг қилишимиз шарт эмас. Бор-йўғи Худога қулоқ тутишимизнинг ўзи етарли. Бундан ташқари, яна жангда ғолиб бўлишимиз учун ҳам сирли тактикаларни билишимиз ёки маълум бир формула асосида шайтон билан жанг қилишимиз шарт эмас. Энг муҳими, Худованднинг айтганларини бажариб, У билан биргаликда шайтонга қарши жанг олиб боришдир. Азиз биродарлар, агар шу айтганларимиз бўйича жанг қилсангиз, шайтондан ва унинг турли найрангларидан асло қўрқмайсиз.

Бу кўпчилик биродарларимизнинг фикридир. Албатта, тез ривожланиб бораётган дунёда айрим нарсаларга эътиборсиз қарай олмаймиз. Лекин шуни яхши билишимиз ҳам керак, дунё шайтоннинг энг ўткир қуролларидан биридир. Масалан, одамларни алдаб пул топиш, бегона киши билан зино қилиш, Худо буюрмаган ишларни амалга ошириш — буларнинг барчаси шайтонга тегишли ва шайтон буларнинг барчасини Худога қарши ишлатиб келмоқда. Энг ачинарлиси, шайтон буларни биз масиҳий инсонлар орқали амалга оширишни яхши кўради. Дунёга берилиш биз масиҳийларга тўғри келмайди.

Чунки дунёга берилган киши, албатта, эртами кечми Раб Исодан узоқлашади, деб ўйлайман. Исо Масиҳни таниб билганимиздан сўнг ҳар биримизнинг фикримиз, ақлимиз янгитдан ўзгариши керак. Бизнинг эски танамиз Худованд учун маъқул эмас. Чунки у доимо гуноҳ ишларни қилишни истайди. Шу билан бирга айтиб ўтиш лозимки, янги танага эга бўлганимиздан кейин ҳам шайтон васваса қилишда давом этаверади. Энди кимга қулоқ тутиш — ҳар бир масиҳийнинг ўзига боғлиқдир. Шунга қарамай, янги ҳаётда Худога қулоқ солиб яшашда давом этайлик. Раббимиз Исо Масиҳ шайтонни аллақачон енгган. Унинг хочдаги ўлими барча саволларга жавоб бўла олади, деб айтишимиз мумкин.

Ўз отасининг қўлидан тутиб юрган болага ҳеч ким ҳеч қачон тажоввуз қилмайди, чунки унинг олдида ҳимоячиси борлигини кўриб туради. Шу каби Худованд билан бирга бўлсак, шайтон ҳам ҳеч биримизга яқинлашмайди. Чунки бизнинг ҳимоячимиз Худованд, албатта, бизни турли хавф-хатардан сақлашга қодир. Хуллас, Худога қулоқ солиб Унинг каломини ўрганиб шайтонга қарши ҳар бир масиҳий жанг қила олади. Азиз биродарлар, бугунги мавзуимизга якун ясар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com азизлар, сизлардан фикрларингиз битилган мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top