Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Эфирда сиз азизлар учун бериб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Оилангизга ва шахсий ҳаётингизга тинчлик тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизни бошламоқчиман. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимизни Бутруснинг иккинчи мактуби 1боби 5 ва 7 оятлари билан бошласак. У ерда жумладан шундай деб ёзиб қўйилган:
“Буларни назарда тутиб, имонингизни бут қилишга жон куйдиринглар. Шундай қилиб, имонингиз устига фазл-камолотга эга бўлинглар. Фазл-камолотингиз устига онг-билимга эга бўлинглар. Онг-билимингиз устига нафсни тийишни ўрганинглар. Нафсни тийиш устига сабр-тоқатли бўлинглар. Сабр-тоқатингиз устига диёнатга эга бўлинглар. Диёнатли бўлиш устига биродарларингизни севинглар. Биродарсеварлик устига тугал муҳаббатга эга бўлинглар”. Янги Аҳд китобини ўқиганимизда, асосан гуноҳларимизни қолдириб, Худодан кечирим олиш ва руҳий меҳрибонликни кўришимиз мумкин.
Азиз биродарлар, биз имонга келганимиздан кейинги қиладиган ишимиз — руҳий комиллик интилиш бўлиши керак, ёвуз руҳларни қидириб уларни жангга чорлаш керак эмас. Агар керак бўлиб қолса, ёвуз руҳларнинг ўзи сиз билан жанг қилади. Унгача биз шу жангга ва жангда ғолиб чиқишга тайёрланишимиз керак. Биз қасоскор эмасмиз. Шунинг учун ҳам ёвуз руҳлардан қасос олиш ниятида яшашимиз керакмас.
Унинг ўрнига Худованднинг каломини яхши ўрганиш лозим. Худованднинг каломини билган инсон ҳар қандай қаршиликларга тура олади. Худонинг сўзларини яхши билган масиҳий бошқаларга севги кўрсатишни ҳам билади. Хуллас, қўлимизда ушлаб турган калом ҳар биримизни кўп яхшиликларга ўргатади. Кимгадир севги кўрсатиш ёки Худовандга хизмат қилиш, бу ҳис-туйғу бўлмаслиги керак. Ҳар бир олиб бораётган ишимиз табиий равишда амалга оширилиши керак. Энг муҳими, ўрганганларимиз доимо ўсиб борсин. Агар Худованд ўргатганларини доимо амалда қўллаб турмасак, аста-секин ёдимиздан чиқиб боради.
Кейинчалик эса уни ўрнини бошқа нарсалар эгаллаши мумкин. Худовандга тегишли бўлмаган нарсалар онгимизни эгаллаб олишига йўл қўймайлик. Азиз биродар, Худованднинг айтганларини бажаришга уриниш, руҳий жангда ғолиб бўлишимизнинг ягона гарови десак бўлади. Шу билан бирга руҳий кучли бўлган масиҳий руҳий жангда ғолиб бўлади ва дунёга ва танавий ихлосларга қарши тура олади. Шайтон ҳам кўп нарсани билади. Шунинг учун ҳам у доимо руҳий кучсиз бўлган инсонга ёпишади, чунки уни енгиш осонроқ. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ биз инсонларни шунчалик севди. Биз келажакда абадий ҳаётга эга бўлишимиз учун Ўзини қурбон қилди. Раббимиз бошқаларга севги кўрсата олишимиз учун ҳар биримизга энг ёрқин намунадир. Азизлар, шунинг билан эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: dilkash@najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.