3:53

Руҳий ғалаба 317

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, мен яна сиз биродарларим билан радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада дийдор учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ҳурматли биродарлар, биз Отага Руҳда туриб, Ўғил орқали дуо қилишимиз керак. Муқаддас Руҳ бизнинг ёрдамчимиз сифатида онгимиз орқали фикрлаб, қалбимиз билан ҳис қилишни, оғзимиз орқали гапириб, кўзларимиз билан йиғлашни, умуман олганда, Ўзини бизнинг ҳаётимиз орқали кўрсатишни истайди. Дуо қилиш бу Муқаддас Руҳ билан Отанинг хоҳиш-иродасини излаб топиб, бу истакларни қалбимизга жо қилишдир.

Шундай қилсак, бу истаклар биз Ҳазрати Исо номи билан дуо қилган пайтимизда яна юқорига Худога юборилади. Демак, биз дуо қилаётганимизда чуқур мушоҳада қилган ҳолда ва самимийлик билан Отани кутишни ўрганишимиз керак. Биз ўз муҳтожликларимиз учун дуо қиламизми? Албатта, биз ўз муҳтожликларимиз учун дуо қилишимиз мумкин, яъни “Бугунги ризқ-рўзимизни бергин”-деб. Матто Китобининг 6 боби 11 ояти. Биз ўз иродамизга бўйсуниб дуо қилмаслигимиз керак, аммо шахсий муҳтожликларимиз ҳақида Худога айтиб, дуо қилишимиз мумкин.

Бизнинг Отамиз ҳар бир муҳтожлигимиз ҳақида қайғуради. Азизлар, ёдингизда бўлсин, бу “дуо намунаси” дуо қилаётган пайтимизда эса биз учун йўл кўрсатувчи бўлади. Ҳазрати Исо бу ерда фақат нон сўрашимиз кераклиги ҳақида гапирмаган. У барча муҳожликларимизни Отага айтиб, уларнинг бажо бўлишини сўрашимиз зарурлигини назарда тутган. Ҳаворий Павлус филиппилик биродарларга шундай деб ёзганди: “Эгамнинг Ўзи сизларнинг ҳар қандай эҳтиёжингизни Исо Масиҳ орқали, Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиради”. Филиппиликларга мактубининг 4 боби 19 ояти.

Эътибор беринг азизлар, Калом “ҳар бир истаган нарсангизни” деб айтаётгани йўқ. Биз баъзан ўзимиз муҳтож бўлмаган нарсаларни хоҳлаймиз, баъзида эса истамаган нарсамизга муҳтож бўламиз. Кўпгина имонли биродарлар дуо қилмаганликлари учун ҳам муҳтож бўлган нарсаларига эриша олмайдилар. Ёқуб бизга шундай дейди: “Бир нарса орзу қилаяпсизлар, аммо орзуингиз амалга ошмагач, одам ўлдиряпсизлар. Ҳасад қиляпсизлар, аммо мақсадингизга эриша олмагач, талашиб тортишяпсизлар. Худодан сўрамаганингиз учун сизларда йўқ.” Ёқуб китобининг 4 боби 2 ояти.

Келинг азиз радио тингловчи биродарлар, Отамиздан ўзимиз учун керак бўлган нарсани сўрашни ўрганайлик. Биз учун энг арзимас ташвишлар ҳам Худо учун арзимас бўлиб ҳисобланмайди ва У биз учун қайғуради. Тирикчилик учун, ҳаётингиз учун, сизга керак бўладиган ҳар бир нарсани сўраб, дуо қилинг. Худо муҳтожликларингизни албатта рўёбга чиқаради. Азиз биродарлар, ибодатимиз шундай бўлиши керак-ки, у ўз ўзидан булоқ суви каби юрагимиздан оқиб чиқсин. Яъни демоқчимиз-ки, табий бўлсин. Баъзида гўё ёдлаб олган бир хил ибодатларни эшитаётгандек бўламиз. Энг муҳими, бир-биримиз учун ва юртимиз тинчлиги учун доимо ибодатда бўлайлик. Азиз биродарлар, дуо ҳақидаги ўз фикрларингизни бизнинг dilkash@najot.com электрон почтамизга юборишингиз мумкин. Ҳозирча эса сиз азизлар билан хайрлашиб, омон бўлинглар, деб қоламан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top