Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Азизлар, келинг, ҳар бир ота-она учун ҳамда болалар ўқитувчилари учун жуда керакли бўлган мавзумиз: болалар ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Азиз ота-оналар ҳамда ўқитувчилар, аслида ечими бўлмаган муаммо бўлмаса керак. Айниқса биз масиҳий инсонлар Раббимиз Исо Масиҳ билан бирга йўлимизда учраб турган муаммоларни енгиб ўтишимиз керак. Бизнинг Раббимиз кучли ва қудратли Худодир. Шундай экан, азизлар, доимо яхши умид қилиб, доимо олдинга қараб интилишга ҳаракат қилинг.
Ҳурматли ота-оналар ҳамда ўқитувчи биродарлар, болаларда фақат ёмон томонларни кўриб, доимо уларни уришишдан ўзингизни тийишни ўрганиш — болаларнинг яхши тарафга ўзгариши учун сиз томонингиздан ташланган биринчи қадам, деб айтишимиз мумкин. Ахир халқимизда шундай нақл бор: “Яхши гап билан илон ҳам инидан чиқади,” — деб айтади доно халқимиз. Болага ҳам яхши гапиришга ва уларнинг хатоларини яхши тушунтириб тузатишга ҳаракат қилган маъқул. Болаларни севишга ўрганинг. Агар болага нисбатан севги бўлмаса, улар билан яхши муносабат қилиш ҳам анча оғир бўлади. Азиз биродарлар, агар болалар билан муносабатингиз салбий томонга ўзгариб бораётганини сезсангиз, нима қилиш керак? Биринчи галда, албатта, Худовандга ибодат қилиб ёрдам беришини сўранг.
Шундан кейин, албатта, сабабларини ўрганишга ҳаракат қилинг. Албатта, бир бошдан шошилмасдан, илдиздан сабабни қидириб кўринг. Доимо ўзингизни тутишга ҳаракат қилинг. Азизлар, ҳеч қачон болаларни бошқаларни олдида уялтирманг, уларга бақириб гапирманг, “жаҳл чиққанда ақл кетади” деб айтишади. Ҳеч қачон ақлингизни кетқазманг, яхшиси шу пайтнинг ўзида дарҳол Худовандга ибодат қилиб ёрдам беришини сўраган маъқул. Албатта, дарсдан кейин бироз ўтириб: ўзингизни, дарсингизн ва болаларга қилган муносабатингизни бир оз анализ қилиб кўринг. Ушбу қилган анализингизни ўзингиз учун тест синовидек қабул қилишингиз мумкин. Албатта, салбий ва ижобий томонларини эслаб, ўзингизни баҳоланг. Агар ижобий томонларингиз кўпроқ бўлса, демак, сиз яхши ўқитувчисиз.
Лекин аксинча бўлса, ўзингиз устингизда кўпроқ ишлашга ҳаракат қилинг. Лекин асло руҳингизни тушуриб, сизга Худованд томонидан берилган хизматдан воз кечиб кетманг. Биродарлар сиз учун ибодат қилишларини сўранг. Ибодат кўп нарсага қодир. Болалар билан қанчалик яқин дўстона муносабат ўрнатсангиз, тартиб- интизом ҳам шунчалик яхши бўлади, деб сизни ишонтира оламиз. Дарсларга ҳар доим яхши кайфиятда келишга ўрганинг. Асло шошиб дарс ўтманг. Болалар билан учрашув бўладиган кунларда ортиқча учрашувларни белгиламанг. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчиман. Мақсадимиз — ушбу сайтимиздан ўзингиз учун керакли бўлган кўплаб маълумотларни олинг ва ҳаётда ишлатинг. Манзилимиз: www.najot.com Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.