3:06

Уй гуруҳлари 061

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-саломатлик билан учрашиб тўрганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз радио тингловчи биродарлар, кичик уй гуруҳлари ҳақидаги эшиттиришимизни яна давом эттириш ниятидаман. Ҳурматли биродарлар, агар кимдир имонга келиб сизнинг кичик уй жамоатларингизга қўшилган бўлса, дарров уларга руҳий ғамхўрлик қилиш лозим. Албатта, руҳий ғамхўрлик янги имонли биродарларга имонда мустаҳкам бўлиши учун катта ёрдам бўлади. Худованднинг каломидан ўқиб, уни ўрганган ҳар бир биродар руҳан кучли бўлиши аниқ.

Албатта, янги имонли биродарларга шайтоннинг ҳужуми ҳам бўлиб туради. Шундай муаммоларга қарши тура олиши учун уларга каломдан тегишли оятларни ёд олиш ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Ҳеч қачон янги имонли биродарларни ёлғиз қолишига йўл қўйманг. Энди шу биродарни янги оиласи борлигини уларга тушунтириб беришга ҳаракат қилинг. Матто китобининг 12 боби 48 ҳамда 50 оятларида айнан шу ҳақида ўқиб кўришимиз мумкин. “Исо буни айтган кишига жавоб бериб: Менинг онам ким? Укаларим ким? – деди. Сўнг қўли билан шогирдларини кўрсатиб: мана, Менинг онам ва укаларим деди. Кимда ким осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирса, у Менинг укам, синглим ва онам бўлади”.

Албатта, ким орқали янги биродарлар имонга келган бўлса, шу биродар уларни жамоатга таклиф қилиши керак. Чунки бошида янги имонли биродарлар учун энг яқин инсон имонга келтирган киши бўлади. Кейинчалик гуруҳ аъзоларининг барчаси бир оиладек бўлишига ҳар биримиз гувоҳмиз. Агар янги имонга келган биродарлар ҳали ҳам жамоатга келишни қанчалик муҳимлигини билмаётган бўлса, унда, албатта, эринмасдан уларнинг уйига бориб олиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уй гуруҳингизда қандай ишларни амалга ошираётган бўлсангиз, албатта, ҳар бир гуруҳ аъзоларини иштирок этишига имкон яратиб беринг.

Айниқса янги имонга келган биродарлар ҳам иштирок этсалар, улар ўзларини сира бегоналардек сезмайдилар. Масалан, болалар уйларига бориш, ночор оилалага бозор қилиш, маҳалла ишларида кўмаклашиш, хуллас шунга ухшаш умумий хизматларда бирга бўлиш ҳам биродарларни бир-бирига янада яқинлаштиради. Аста-секинлик билан янги имонли биродарларга ҳам ўзига яраша айрим ишларни белгилаб бериш мумкин. Масалан, гуруҳингиз билан тоққа дам олишга бориш вақтида янги имонга келган биродарлар бозорга бориб керакли нарсаларни сотиб олиши, уларга бўлган ишончни ва жамоатнинг уларга нисбатан бўлган ҳурматини янада оширади.

Хуллас азиз биродарлар, янги имонга келган кишиларни асраб, улардаги камчиликларга чидаб, бир-бирларингиз учун кўп ибодат қилиш — жамоатларнинг мустаҳкамланишига олиб келади. Ҳурматли биродарлар, сиз билан хайрлашишдан аввал, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com хайр саломат бўлинг, азиз радио тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top