Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радиоэфир орқали ғойибона бўлса-да учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Сизлар билан “Дилкаш” радиоси. Азиз радио тингловчи биродарлар, агар имонимиз ҳақиқий бўлса ва Раб Исога чин юракдан кўнгил қўйиб ишонган бўлсак, шундай вақт албатта келадики, бутун танамиз, бутун қалбимиз билан қутқариламиз. Имони пок масиҳий инсонга нажотга эга бўлиши учун ҳеч ким ва ҳеч нарса қаршилик қила олмайди.
Вақт келиб, Худо билан бирга бўлиш бу — бизнинг қутқарилиш режамизнинг энг юқори кульминацион нўқтасидир. Азиз биродарлар, ҳозирги кунда Худованд кимга нажот берган бўлса, келинг, Уни исмини улуғлаб олқишлайлик. Биз ер юзида яшаганимизда Худованд бизни танлашидан мақсади — Унга муносиб яшаб, бошқаларга ҳам Худонинг ажойиб қутқариш нажоти ҳақида гапириб беришдир. Худонинг олдида тиз чўкиб, барча гуноҳлари учун кечирим сўраган инсон аллақачон Худованднинг кечиримига эга бўлган.
Энди эса Унинг амрларига бўйсуниб яшаш, Унга муносиб фарзанд бўлиш зарур. Худованд кимга нажот берган бўлса, шу инсон доимо Унинг паноҳидадир. Худованднинг Ўзи шу ҳақида ваъда берган. Азиз биродар, ҳали ҳам кимдир қоронғуликда юрган бўлса, Худованднинг олдига келиши мумкин. Қоронғулик – бу шайтоннинг шоҳлигидир. Биз ёруғликка тегишлимиз. Худованднинг нурида яшашга лойиқмиз. Тавба қилган инсонларнинг бари шу пайтнинг ўзидан бошлаб ёруғликда юра бошлайди.
Худованд бизни бошлаб бораётган манзилнинг охири ҳам ёруғлик. У ҳеч биримизни ярим йўлда ташлаб кетмайди. Келинг, азиз биродар, 1 Салоникаликларга мактубининг 5 боби 8 ва 9 оятларини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Лекин биз кундузга оидмиз. Шу туфайли имон ва муҳаббат қалқонини олайлик, нажотга умидворлик дубулғасини кияйлик, ҳушёр бўлайлик. Чунки Худо бизни ғазаб учун эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топиш учун тайин этди.” Худованд Ўзига тегишли бўлган ҳар бир инсоннинг ҳаётида ажойиб ишларни қилишни истайди.
Албатта, бунинг учун Худовандга ҳаётимизни бошқариши учун имконият берайлик. Шайтон билан жанг олиб борганимизда, албатта, Худованднинг барча кўрсатмаларига амал қилишимиз лозим. Кимки Худованднинг кўрсатмасига амал қилмас экан, демак жангда мағлуб бўлади. Худога қулоқ тутмаган инсон эса Худо билан бирга эмас. Бундай кишиларни шайтон тезда ўзининг тузоғига илинтира олади. Кимда-ким Худо билан бирга бўлмаса, Худога қаршидир. Азиз биродарлар, келинг, Худованд билан бирга яшашга ҳаракат қилайлик.
Шунда ҳаётимиз янада мазмунлироқ бўлади. Ҳурматли радио тингловчи, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сизларга эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг.