3:05

Руҳий ғалаба 183

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинларида ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамизга шукуроналар айтамиз. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимизни Римликларга мактубининг 5 боби 2 ояти билан бошламоқчиман: “Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг инояти эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз.”

Ушбу гапларни ҳаворий Павлус нажотга эришганларнинг келажакдаги марҳамати сифатида гапирган эди. Ушбу оятни ўқиганимизда, нафақат Павлуснинг чин юракдан хурсандчилигини ҳис этамиз. Ўзимиз ҳам айнан Худонинг марҳамати туфайли аниқ нажотга эга эканлигимизни сезамиз. Азиз биродарлар, Худованд нима учун биз инсонларга шунчалик марҳамат кўрсатмоқда?! Ахир биз инсонлар, шунчалик марҳаматга лозим эмас эдик-ку? Бу тўғри гап. Лекин Худованд чиндан ҳам инсонларни севди.

Биз учун Ўзининг ёлғиз Ўғлидан ҳам воз кечиб, бизнинг гуноҳларимиз учун Уни қурбон қилди. Бундан ташқари биз масиҳий инсонларга шайтон билан қандай жанг олиб боришни ҳозиргача ўргатиб келмоқда. Мен яхши эслай оламан. Ўғлимни биринчи бор шарқ якка курашини ўрганиш учун олиб борганимда, тренер ўғлимга биринчи кундан бошлаб жуда кўп усулларни ўргатган эди. Орадан вақт ўтиб, ўғлимиз ажойиб спортчи бўлиб етишди. Худованд ҳам бизга тўғри яшашни ва шайтон билан руҳий жанг олиб боришни ўргатмоқда.

Раббимиз Исо Масиҳ туфайли гуноҳ масиҳийларнинг устидан бошқа ҳукмронлик қилолмайди. Ҳаворий Павлуснинг айтишича, гуноҳ фақат Худога ишонмайдиганларнинг ҳаётида ўзининг ишларини олиб боради. Гуноҳ имонлиларнинг ҳаётида умуман тескари нарсага айланиб қолиши шарт. Бу айтганларимизнинг барчаси Раббимиз Исо Масиҳнинг хочдаги ўлими туфайли содир бўлган. Шайтон, албатта, барча имонлиларнинг ҳақиқий имонидан қўрқади. Чунки ҳақиқий имон эгаси шайтонга иш олиб бориши учун умуман имкон бермайди.

Шайтоннинг қанчалик айёр эканлиги барчага яхши маълум. У кимдадир озгина очиқ жойни кўрса, айнан шу жойдан унга киришга ҳаракат қилади. Имонли киши қачонки ўзининг ҳаётини Раб Исога ишониб топширганида, ўзидаги барча камчиликларини ҳам Исо билан бирга хочга михлаб қўйган. Худога бўйсунадиган биродарлар учун Худованд само деразаларини очишни ва у ердан Ўзининг марҳаматини ҳар бир имонли устидан сочишни истайди. У ҳар биримизни алоҳида кучли марҳаматлашни истайди.

Бунинг учун инсонлар Худога қулоқ тутиши ва бўйсуниши керак. Ҳурматли радио тингловчилар, сизлар билан хайрлашар эканман, албатта сизларга яна ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтишни истар эдим: www.najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top