3:50

Руҳий ғалаба 310

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радио эфир орқали ғойибона бўлса-да учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Сизлар билан “Дилкаш” радиоси. Азиз радио тингловчи биродарлар, барчамизга яхши маълумки, Муқаддас Ёзувлар, яъни Худонинг муқаддас Каломи бу дунёда ҳукм сураётган ёвузлик ҳақида жуда аниқ қилиб гапиради. Руҳий дунёда чиндан ҳам ёвуз кучлар мавжудлигини, улар дунёга ва инсониятга катта таъсир ўтказиши мумкинлигини Каломнинг кўп жойларидан ўқишимиз мумкин. Ҳаворий Павлус уларни “ҳокимлар”, яъни бошқарувчилар деб атайди.

Янги Аҳд китобида бу сўз ўрнига баъзан жин-ажиналар, баъзан руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар, баъзи ҳолларда ҳукмрон ҳокимият, баъзида эса Худодан бошқа ҳар қандай ҳоким каби сўзлар ишлатилган. Азиз биродарлар, бу ёзувларни сиз қўлингиздаги Муқаддас Каломнинг Римликларга мактубини 8 боби 38 оятида яна Колосаликларга мактубининг 2 боби 10 оятидан шу билан бирга Титусга мактубининг 3 боби 1 оятларидан топиб ўқиб кўришингиз мумкин. Баъзи ҳолларда худди жинга йўллиққан соқов воқеасидаги каби ёвузлик кучини яққол кўриш мумкин бўлади. Луқо Хушхабар китобининг 11боби 14 ояти.

У жойда жумладан шундай деб ёзиб қўйилган: “Бир куни Исо соқовдан жинни қувиб чиқарди. Жин чиққанидан сўнг, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолди”. Иблис ва унинг малайлари одамларнинг ҳаётини издан чиқариш ва уларни Худодан айириб, ўзига бўйсундиришдек олий мақсаднинг амалга ошиши учун бошқа кўплаб усулларни қўллайди. Ахир унинг энг олий мақсади ҳам шунда-ку. Мисол учун, улар фойдаланиши мумкин бўлган икки усулни кўриб чиқайлик: биринчиси — ишонч-эътиқод системаси. Биз ҳаётимиз давомида кимгадир ёки нимагадир ишониб, эътиқод қилиб яшаймиз.

Ҳар биримиз ўз дунёқарашимизга ва фалсафамизга эгамиз. Худди мана шу нарсалар ҳаётимизнинг асоси ҳисобланади. Ёвузлик эса одамлар ҳаётининг ана шу асосларига ёлғонни сингдириш орқали дунёда ақл бовар қилмас даражадаги бетартибликни келтириб чиқариши мумкин. Мисол тариқасида фашистик ғояларнинг келиб чиқишига имкон яратган ишонч-эътиқод системасини олайлик. Бу ғоя ва тушунчалар охир–оқибатда ўн миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушни келтириб чиқарди. Бу ақидапарастлик миллионлаб яҳудийлар ва бошқа халқларнинг қийноқ лагерларида қирғин қилди.

Бу система бутун бошли миллатларни қириб ташлади ва уларнинг иқтисодига катта зиён етказди. Ўша ҳалокатли ва маъшум кунларнинг оқибатлари эса ҳали-ҳанузгача ўз таъсирини ўтказиб турибди. Ҳозирги кунда ҳам шайтон ўзига қулай ва инсонлар тезда ишона оладиган усуллардан фойдаланишни ўрганиб олди. Азиз биродарлар, шуни ёдимиздан чиқармайлик, шайтон доимо Худога қарши иш олиб боради ва бунда инсонлардан ҳам фойдаланади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумизга якун ясамоқчи эдим. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top