2:57

Худонинг сўзи 103

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга, манзур бўлмоқда. Ҳурматли биродарлар, Худованд инсониятни яратган экан, шу яратилишга яраша У бизга танавий ва руҳий куч ҳам ато этган.

Бундан ташқари инсон ўзидаги ҳам танавий, ҳам руҳий кучни доимо ривожлантириб туриши керак. Албатта, танавий кучлар ҳақида гапирганимизда, инсон ўзидаги барча муҳтожликларни ҳал қилиши учун кўп меҳнат қилиши керак. Инсонга бойлик, маблағ керак эмас деганлар унчалик тўғри гапирмаётганига ўзлари ҳам ишониб турсалар керак. Чунки кўчага чиқиб, олдингиздан чиққан биринчи инсонга бир қоп бойликни совға қилсангиз, ҳеч ким “йўқ” демасдан олса керак.

Чунки ҳар биримиз, албатта, яхши яшашни истаймиз. Инсонни яхши яшашида ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Фақатгина ҳасадгўй инсон бошқаларни яхши яшашига қаршилик қилади холос. Энди руҳий бойлик ҳақида ҳам икки оғиз гап. Юқорида айтганимиздек, олдингиздан чиққан биринчи инсонга руҳий бойлик ҳақида ваъда қилсангиз ёки Худо ҳақида гапиришни бошласангиз, ҳамма ҳам сизни тинглайвермаса керак.

Албатта, буни ўзига яраша бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, инсон ўзини унчалик ҳам Худога муҳтожман, деб ўйламайди. Ваҳоланки, одам Худога шунчалик муҳтожки, агар шу муҳтожликни тушуниб етганида, ҳар қандай бойликдан ҳам воз кечиб, Худонинг бермоқчи бўлган руҳий бойлигини излаган бўларди. Албатта, биринчи бойлик бу абадий эмас. Инсон хоҳ ўзининг ҳалол меҳнати билан бойисин, хоҳ бошқа йўллар билан бойисин, барчаси ўткинчидир.

Лекин руҳий бойлик бу абадий. Инсоннинг ер юзидаги ҳаёти давомида бошлаган руҳий бойлигини доимо бойитиб бориши лозим. Раббимиз Исо Масиҳни қанчалик эрта ўз юрагимизга қабул қилсак, шунчалик руҳий ўсишимиз тезлашади. Албатта, бу ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди. Дунёвий бойлик орттириш учун ҳам инсон қандайлир ишларни амалга оширади.

Руҳий бойликда ҳам шунга ўхшашлик мавжуд. Яъни Худованд билан бўлган мустаҳкам алоқа Унинг каломини ўқиб ўрганиш, Худованднинг амрларига амал қилиш, шу каби ишларни бажариб бориш — ҳар қандай масиҳийни руҳан бойитади. Азиз биродар, бугунги айтиб ўтганларимизнинг ҳар иккиси ҳам инсон учун жуда муҳим. Лекин каломда айтилганидек, дунёга ҳаддан зиёд уйғунлашиб кетмаган маъқул. Худованд барчага ўзига яраша бойликни ато этади.

Шунинг билан, азизлар, бугунги эшиттиришимизни якунлаб барчангизга ҳам руҳий, ҳам маънавий бойлик тилаб қоламиз. Азизлар ўзингиздаги фикр ва мулоҳазаларингизни бизнинг dilkash@najot.com электрон почтамизга жўнатишингиз мумкин. Яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top