3:17

Худонинг сўзи 108

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, Адан боғида Одам Ато билан Момо Ҳавонинг қанчалик бахтли ҳаёт кечирганлигини барчамиз яхши биламиз. Адан боғида ҳамма нарса ажойиб яратилган эди. Чунки ҳали дунёда ўлим, гуноҳ, касаллик деган тушунчалар бўлмаган эди. Ана шу биринчи яратилган одамларда нимаики истасалар, барча нарсалари муҳайё эди. Худованд улар оч қолмаслиги учун барча меваларни ва барча озиқ-овқатларни яратиб қўйган эди. Улар истаган овқатларини тановвул қилишлари мумкин бўлган.

Фақатгина бир дарахтнинг мевасидан истеъмол қилиш қаттий ман этилган эди. Азиз биродарлар, ушбу дарахтнинг номи қандайлигини эслай оласизми? Ҳа, ушбу дарахтнинг номи “яхшилик ва ёмонликни англаш” дарахти эди. Ибтидо китобининг 2 боби 17 оятида ушбу дарахт ҳақида шундай ёзилган: “Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан.” Албатта, биз ҳозирги кунда ушбу дарахт ва унинг меваси қандай кўринишда бўлганини билмаймиз. Балки у дарахт оддий дарахт кўринишидан умуман фарқ қилгандир. Лекин шуниси аниқки, Одам ва Ҳавони Худованд шу дарахтнинг олдига олиб келди ва кўрсатди. Ушбу дарахтнинг мевасидан ейиш тақиқланишини уларга тушунтирди. Кунларнинг бирида эса Адан боғида илон кўринишада шайтон пайдо бўлди.

Бизга қанчалик маълумки, шайтон осмондан ерга қулаб тушган Люцифер исмли фаришта эди. Албатта, у “шайтон” деб ном олишдан аввал самода Худованд билан бирга яшарди. Орадан вақтлар ўтиб у Худога қарши бош кўтарди ва шу кундан бошлаб у Худовандга қаршилик қилиб келмоқда. Худовандга қарши бўлганларнинг барчаси Худонинг душманидир. Гуноҳ деган нарса шу даврдан бошлаб Худованд яратганларининг ичига кирган эди. Шайтон эса ана шу гуноҳни ер юзига ўзи билан бирга олиб келди. Албатта, Худога қарши бўлганлар Унинг ишини бузишга ҳаракат қилади. Шайтон ҳам биринчи бўлиб Момо Ҳавони алдаб, унга ман этилган дарахтнинг мевасини еб кўришни таклиф қилади. Момо Ҳаво ушбу мевани еб кўргач, эри Одамга ҳам беради.

Шундай қилиб шайтон ўзининг ўйлаган бузуқ ўйларини амалга оширди. Биринчи яратилган инсонлар эса Худога қулоқ солмаганлари учун Худованднинг кўз ўнгида гуноҳкор бўлиб қолишди ва Адан боғидан ҳайдалишди. Азиз радио тингловчи биродар, шу билан шайтон ўз ишини тўхтатмади. У ҳозирги кунга қадар Худовандга қаршилик қилиб келмоқда. У ҳар куни одамларни йўлдан уриб, ўзининг ёлғонлари билан Худога қарши қилиб қўймоқчи. Шайтоннинг ёлғонига илиниб қолмаслик учун Худога янада яқинлашайлик. Худованддан ҳар биримизни ҳимоя қилишини илтижо қилиб сўрайлик.

Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com азизлар, мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна радиоэфир орқали учрашгунча хайр, соғ- саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top