3:16

Худонинг сўзи 105

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азизлар, яна сизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали бўлсада соғ-саломат учраша олганимиз учун Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Азиз биродарлар, Муқаддас каломни айтишича, инсон Худованд томонидан яратилганидан бери ҳар бир инсоннинг тушунчасида Худованд ҳақида оз бўлсада тасаввури мавжуд. Баъзи пайтларда инсон Худога ўхшашлик томонлари борлигини ҳам ҳис этамиз.

Муқаддас каломнинг Ибтидо китобини 1 боби 26 оятида айнан шу ҳақида гап боради. Келинг, ҳурматли радио тингловчи, шу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: ”Яна Худо: “Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик. У денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар, чорвалар, ҳа, бутун ер юзи ва ерда ҳаракат қилувчи барча маҳлуқот устидан ҳокимлик қилсин,” — деди. Бу нима дегани? Бу дегани, яратилган одам баъзи бир жиҳатлари билан Худога ўхшаб кетади. Чунки бутун ер юзини ва бутун коинотни бошқарувчиси бу — Худодир.

Худо эса инсонга Ўзи бошқараётган баъзи бир хизматларни туҳфа қилмоқда. Масалан, бирон-бир корхонада ҳамма ҳам бирданига бошқарувчи бўлиб қолмайди. Албатта, бош раҳбар ишчилар орасидан ўзига яқинроқ, қўлидан иш келадиган кимнидир танлаб олади ва бошлиқ қилиб қўяди. Янги тайинланган бошлиқ қанчалик уринмасин, барибир ўзидан катта бошлиқ бор ва доимо унга бўйсуниши шарт. Акс ҳолда бош раҳбар у билан истаганини амалга ошириши мумкин. Худованд одамни яратганида У одамга хос бўлган барча ҳис-туйғуларни ҳам қўшиб берди.

Шунинг учун инсон йиғлай олади ва хурсанд ҳам бўла олади. Шундай экан, инсон ўзининг гуноҳкор ёки гуноҳлари учун тавба қилган, яъни кечирилганлигини ҳам аниқ билади. Шундай экан, азиз радио тингловчи, ҳеч бир одам вақти-соати келганида: “Мен ҳеч нарсадан хабарим йўқ эди,” — деб баҳона қила ололмайди. Ҳозирги кунда кўчада ҳар хил одамларни учратиш мумкин. Яъни виждонли, инсофли одамларни ҳам, ёки бўлмаса буларнинг акси ҳам мавжуд. Худованд одамларни доимо бир-бирига меҳрли бўлишини истайди.

Лекин одам нима учундир кўпинча бунинг аксини қилади. Ҳурматли биродар, келинг, Худога муносиб одам бўлишга ҳаракат қилайлик, Унинг амрларини бажариб, доимо виждони инсофли бўлишга ҳаракат қилайлик. Фақатгина шундай йўл билан замонамизни янада гўзалроқ қилиш мумкин. Нима учун дунёда инсонлар ва миллатлар орасида уруш-жанжал бўлиб туради? Албатта, бунинг асосий сабабларидан бири — одамлар Худони билмаслигидир. Одамлар маданиятли бўлишини Худованд жуда истайди. Лекин кўпинча одамларнинг ўзлари буни истамайдилар. Азиз радио тингловчи биродарлар, келинг, ҳар биримиз ўз мамлакатимиз ва ундай яшайдиган одамлар учун ватанимизни гуллаб-яшнаши учун тинимсиз ибодатда бўлайлик.

Шунда Худованд юртимизни янада марҳаматлаб, янада гўзалроқ қилади. Азиз биродарлар, бизнинг интернетдаги сайтимизга марҳамат қилинг, манзилимиз: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top