Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ҳурматли биродарлар, биз масиҳийлар Раббимиз Исо Масиҳга тегишли бўлганимиз учун ва У айнан бизларнинг гуноҳларимиз учун хочда муқаддас қонини тўккани учун биз ҳам Унга тегишли бўлган барча ҳақоратлар ва азобларига шерикмиз. Ҳаворий Павлус 2 Тимутий китобининг 2 боби 11 ва 12 оятларида шундай ёзади:
“Бу сўз барқарордир: агар У билан бирга ўлган бўлсак, У билан бирга ҳам яшаймиз. Агар сабр-тоқат қилсак, У билан бирга давр сурамиз. Агар биз Уни инкор этсак, У ҳам бизни инкор этади.” Ҳаворий Павлус ушбу оятни гапирганида, уни хурсандлигини сезишимиз мумкин. Чунки Раббимизнинг барча амалга оширган ишлари масиҳийлар учун ва кўплаб жамоатларнинг гуллаб-яшнаши учун амалга оширилган эди. Мана шу жамоатлар худди Раббимиз Исо Масиҳга ўхшаган бўлишлари керак. Унинг изидан юриб, одамларга Хушхабарни тўлиқ етқаза олишлари керак. Шу билан бирга ҳар бир жамоат ва ундаги аъзолар ўзларининг хочларини кўтариб юришга тайёр бўлишлари шарт.
Жамоатларни Раббимизнинг бир танаси деб айтилган гап жуда тўғри танланган. Агар жамоатда қандайдир нотўғри ишлар бўлса, албатта, бошқалар ҳам касалланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса доимо Исо Масиҳ ҳар бир жамоатда ишлашига йўл беришимиз лозим. Азиз чўпонлар, Раббимизнинг жамоатларингизда ишлашидан қўрқманг. У ҳеч кимга ёмонлик тиламайди, аксинча ҳар бир жамоатни марҳаматлаб, янада ўсиши учун ва гуллаб-яшнаши учун ёрдамлашади. Эсинизда бўлса, Павлус имонга келишидан аввал масиҳийларни тутиб ўлдириш ниятида эди. У Дамашқ томон йўлда кетаётганида, Раббимиз унга зоҳир бўлиб: “Павлус, нима учун Мени қувғин қиляпсан”, — деб айтган эди.
Аслида Павлус Раббимизни эмас, унга тегишли бўлган биродарларимизни қувғин қилмоқда эди. Исо Масиҳ Ўз жамоатини шунчалик севадики, шунинг учун У Павлусга қарата: “Нима учун сен Мени қувғин қиляпсан,” — деб мурожаат қилган эди. Азизлар, қолган воқеа нима билан тугаганлигини сиз яхши биласиз. Бу дегани ҳар бир жамоат Раббимизники ва Унга тегишлидир. Раббимиз Исо Масиҳ Ўз жамоатларини ва ундаги жамоат аъзоларини юз фоиз ҳимоя қилишга қодир. Шу билан бирга азиз радио тингловчи, ҳар биримиз бир нарсани яхши билишимиз керак. Жамоат — бу Исо Масиҳ эмас, фақатгина Масиҳга тегишлидир.
Жамоатлар ҳам Раббимизнинг азобларида иштирок этади. Лекин бу Исо Масиҳ чеккан азоблар билан ҳеч қачон тенг бўлолмайди. Ҳаворий Павлуснинг шахсан ўзи ҳам бир неча бор қувғинларга дуч келган. Шунга ўхшаш вазиятларга доимо ҳар биримиз тайёр туришимиз керак. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи.