Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, имонлининг хаётидаги ҳақиқий бойлик нимадир? Албатта, хар бир имонлининг хаётидаги ҳақиқий бойлик бу художўйликдир. Келинг, художўйлик нима эканини билиш учун азиз хаворий Павлуснинг Тимўтийга йўллаган биринчи мактубининг олтинчи бобидаги баъзи оятларни ўқиб берсам. “Агар ким ўзгача таълимотни ёйса ва Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳақиқий каломларига асосланган динимиз таълимотига қулоқ солмаса, у босар-тусарини билмай қолган нодондир. Бундай одам баҳслашиш ва масала талашиш касалига йўлиққан, унинг гаплари ғайирлик, жанжал, бўҳтон ва ёлғон чақиқларга сабаб бўлади.
Ғаламис, фикри бузуқ, ҳақиқатдан маҳрум, дин-диёнатни фойда манбаи деб ҳисобловчи бундай одамлардан ўзингни четга ол. Ҳақиқатан ҳам қаноатли киши учун художўйликдан фойда жуда катта. Биз дунёга ҳеч нарса келтирмадик, ундан ҳеч нарса олиб кетолмаслигимиз ҳам аниқ. Ейиш учун ризқ-рўз ва кийиш учун кийим бўлса, шулар билан қаноат ҳосил қилайлик. Бойликка интилганлар васваса тузоғига илинадилар, инсонларни балою ҳалокатга йўлиқтирувчи кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга қурбон бўладилар. Ҳар турли ёмонликнинг томири пулпарастликдир. Баъзилар бойликка ружу қўйиб, имондан қайтдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар.”
Азизлар, кўриб турганимиздек, художўйлик имонли киши учун табиий холдир. Чунки хаётини бутунлай Раббимиз Исо Масиҳга топширган имонли албатта хўдожўй бўлишга жон куйдиради. Бугунги ибодатни хам айнан шу мавзуга бағишламоқчиман. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг, чунки бир кишининг ибодатидан кўра икки ёки кўпроқ одамларнинг биргаликда қилган ибодати кучлироқдир. Энг асосийси, ибодат имон билан айтилса бас. Чунки имон билан айтилган ва Худонинг иродасига маъқул келадиган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги Отажон, берган Нажотинг бебаходир. Чунки бизга берган нажотинг Сен учун жуда қимматга тушди. Бизга нажот бераман деб, Ўғлинг Исо Масихни биз ношукурлар учун қурбон қилдинг. Худойим, бу севгингнинг яққол мисолидир. Отажон, биз нажот режангни қабул қилдик. Хаётбахш Раббимиз Исо Масихга имон келтирдик. Энди хаётимиз бутунлай бошқача. Чунки, хаётимиз энди ўзимизга эмас, аксинча, Сен Буюк Тангрига тегишлидир.
Худойим, шунга қарамасдан, биз инсонмиз, ва инсоний дунёда хаёт кечирамиз. Шунинг учун биз кўп васвасаларга, ёлғонларга, қийинчиликларга дуч келамиз. Лекин буларнинг барчасида ғалаба қозонишнинг иложиси бор. Худойим, бизни художўй қилиб тарбиялагин. Бойликка интилмайлик, васваса тузоғига илинмайлик, зарарли хавасларга қурбон бўлмайлик Отажон. Яна баъзиларга ўхшаб бойликка ружу қўйиб, имондан қайтмайлик. Бундан Ўзинг бизни асрагин. Худойим, художўй хаёт кечириб, хизматимиз билан Сени мамнун қилайлик. Ғаламис, фикри бузуқ, ҳақиқатдан махрум, дин-диёнатни фойда манбаи деб хисобловчилардан ўзимизни четга олайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию сизда хам, ибодат эхтиёжи бўлса бизга бу хақда хабар қилинг, биз сиз учун ибодат қиламиз. Исмингиз эфирга узатилмайди. Бундан хавотир олманг. dilkash@najot.com манзилимиз сизнинг хизматингизда. Хайир, омон бўлинг.