3:38

Имондан қайтмаслик учун ибодат

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстим. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азиз дўстим, менга шуни айтингчи, ҳаётингизда имондан қайтиш васвасаси бўлганми? Бунга сабаблар кўп бўлиши мумкин. Қариндошлар, танишлар, дўстлар ёки севикли ёрингиз ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Агар тушунган бўлсангиз, бугунги ибодатни айнан имондан қайтмаслик мавзусига бағишламоқчиман. Келинг, Худонинг Каломи бу ҳақда нима дейишига назар солсак. Ибронийлар китобининг 6чи бобида шундай оятлар бор. Шунинг учун Масиҳ ҳақидаги бошланғич таълимотни қолдириб, камолотга интилайлик. Тағин ўлик ишлардан тавба қилиш, Худога ишониш, ғусллар, бошга қўл қўйиб дуо қилишлар, қиёмат ва абадий ҳукм ҳақидаги таълимотнинг асосини солиб ўтирмайлик. Худо хоҳласа, бунга эришамиз. Бир марта зиёни кўрган, самовий инъомдан лаззат олган, Муқаддас Руҳдан баҳраманд бўлган, Худонинг хайрли каломини ва келажак оламнинг қудратларини тотиб кўрган кишилар агар бундан кейин имондан қайтсалар, уларни яна тавба қилдириб тузатиш имконсиздир.

Сизларга келсак, эй севиклилар, шундай гапиришимизга қарамай, аминмизки, сизларнинг аҳволингиз бундан яхшироқдир ва нажотга эришасизлар. Чунки Худо адолатсиз эмас. У сизларнинг ишингизни, Унинг исмига кўрсатган муҳаббатингизни унутмайди, Ўз азизларига қандай хизмат қилганингизни ва ҳозир ҳам қилаётганингизни ёдда тутади. Орзу қиламизки, умидингиз тамоман рўёбга чиқсин, ҳар бирингиз охиригача айнимай ғайрат кўрсатинглар, эринманглар, имон ва сабр-тоқат билан илоҳий ваъдаларга эришганлардан ўрнак олинглар. Азизлар, мен қўлларимни ибодат учун очаман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Худойим, азиз Парвардигорим, нажотинг нақадар ажойиб! Эски ҳаётимни ўлдириб янги хаёт берганинг учун рахмат айтаман. Худойим, бизни имонда махкам қилгин. Бизни шу қадар кучли имон билан тўлдиргинки, хеч бир қийинчилик, хеч бир ноумидлик, хеч бир васваса, хеч бир қувғин ва қийинчилик бизни Сендан айирмасин.

Худойим, умидимиз тамоман рўёбга чиқиши учун, ҳар биримиз охиргача айнимай ғайрат кўрсатайлик. Худойим, дангасаликни четда қолдириб, хеч бир ишдан эринмай, имон ва сабр тоқат билан илоҳий ваъдаларинга эришганлардан ўрнак олишни бизга ўргат. Худойим, Сен муқаддас Худосан. Сенинг фарзандинг бўлиш ажойибдир. Сенинг Муқаддас Руҳинга эга бўлиш ва тўлиш хаётимиздаги унутилмас ходисадир. Худойим, нажотингни маҳкам ушлаб оҳиригача Сенга содиқ бўлишни ўргат. Ушбу ёвуз дунёдан юз ўгириб барча диққатимизни Сен Раббимизга қаратайлик. Худойим, аҳир Раббимиз Исо Масиҳ, Сен биз учун қилган қурбонлигинг бекорга биз учун азоб чекиб хочга михлангани йўқ. Унинг азобига шерик бўлиб, нажотинг издошларидан бўлишни ўргат. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик Сенинг Муқаддас Қўлинг устимизда эканини ёдимиздан чиқармайлик. Худойим, Сенинг муқаддас номинг биз учун охиргача муқаддас бўлсин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top