3:01

Далда ва огохлантиришлар

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, Масиҳга ҳаётни топшириш нақадар ажойиб эканини билсангиз сизни жуда яхши тушунаман. Чиндан ҳам, Масиҳ билан бирга бўлиб, Унга итоат қилиб яшаш жуда яхшидир. Масиҳ Ўз ўлими орқали бизларни Худо билан яраштирди. Биз энди бу дунёнинг ҳокими шайтонга эмас, аксинча, Муқаддас Худонинг муқаддас Шоҳлигига тегишлимиз. Биз қоронғуликдан, ёруғликка ўтдик. Биз дунёни ёритувчи Худонинг нурларига айландик. Биз янги ижодга айландик. Дунё бизни қўлдан бой бергани учун биздан нафратланди. Ҳар хил васвасалар орқали бизни Худодан айришга ҳаракат қиляпти. Лекин, Худо бизни ҳеч қачон тарк эмаслигини ваъда қилган. Келинг, Калом булар ҳақида нима дейишига назар ташласак. 2Бутрус 3чи бобда қуйидаги оятлар битилган.

Бунинг учун, эй севганларим, модомики буларни кутаяпсиз экан, Худо олдида тинч-тотувлик билан яшаб, беғубор ва бенуқсон одамлар бўлишга жон куйдиринглар. Севикли биродаримиз Павлус ҳам ўзига берилган донолик билан сизларга қандай ёзган бўлса, худди шу каби Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш фурсати деб ҳисобланглар. Павлус ҳамма мактубларида бу мавзулар ҳақида гапиради-ку. Уларда тушуниш қийин бўлган баъзи мавзулар борки, жоҳил ва саботсиз кишилар бошқа муқаддас ёзувларни бузганларидек, уларни ҳам бузиб талқин қиладилар. Бу эса уларни ҳалокатга йўлиқтиради. Эй севганларим, буларни олдиндан билар экансиз, эҳтиёт бўлинглар, яна бошбошдоқ одамларнинг ғавғоси билан йўлдан озманглар, топган қарорингиздан айниманглар. Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг иноятига таяниб, Уни таниб-билиб борган сайин ривож топинглар. Ҳозирдан то мангу кунгача Унга шон-шуҳрат бўлсин! Омин.

Азизлар, келинг, бугун айнан шу огоҳлантиришлар ҳақида ибодат қилсак. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, ҳеч хижолат бўлманг. Бемалол кетимдан қайтаринг. Худойим, Осмондаги Отажоним, берган нажотинг нақадар ажойибдир. Худойим, Масиҳнинг ўлими бизни Сен билан яраштирди. Энди дунё бизга қарши чиқяпти. Дунё биздан нафратланди. Чунки биз қоронғуликдан олиниб ёруғликка ўтдик. Чунки дунёнинг қилмишлари фош бўлиб қолди. Худойим, ушбу янги ҳаётда яшашни бизга ўргат. Сенинг олдингда тинч тотувлик билан яшаб, беғубор ва бенуқсон одамлар бўлишга жон куйдирайлик. Худойим, бизларни бошбошлоқ одамларнинг ғавғоси билан йўлдан озишимизга йўл қўймагин. Берган қарорингдан ҳеч қачон айнимайлик.

Раббимиз ва халоскоримиз Исо Масиҳнинг иноятига таяниб, Уни таниб билиб борган сайин ривож топайлик. Берган нажотингни маҳқам тутайлик. Сен биз билан абадий бирга бўлганинг каби, биз ҳам оҳиригача Сен муқаддас билан бирга бўлайлик. Дунё бизни Сендан ажратишга ожизлик қилсин. Ҳозирдан то мангу кунгача Сенга шон-шуҳрат бўлсин! Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top