3:04

Башорат амалга ошди

MP3

Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Исо Масихга ҳаётини топшириб унга эргашганларнинг барчаси Униг шогирдларидир. Улар юрак йўлида Исо Масихнинг йўлини излаб, Уни дойим кўпроқ билишга, кундан кунга билимини оширишга харакат қилиб яшашади. Сизга хавола этмоқчи бўлган Калом дарси асосан Исо Масихга эргашиб, Унга хаётини бағишлаган, ва Худо хақиқатини излашга жон куйдирадиган ака-ука ва опа-сингилларга бағишлангандир.

Исо Муқаддас Руҳ қудратида Жалилага қайтиб келди. У ҳақда мамлакат бўйлаб овоза тарқалди. Яҳудийлар ибодатхоналарида таълим бергани сари, ҳамма Унинг дуосини қилди. Сўнг Исо ўсиб тарбияланган жойи Носирага борди. Ўз одати бўйича шанба кунида ибодатхонага кириб, тиловат қилиш учун ўрнидан турди. Унга Ишаъё пайғамбарнинг китобини узатдилар. У китобни очиб, қуйидаги оят ёзилган жойни топди: «Худованднинг Руҳи Менга ёр.

У Мени муқаддас мой-ла мойлади.

Бечораларга мужда етказмоқ учун,

Дилабгорларга шифо бермоқ учун,

Асирга: озод бўлгил,

Басирга: очилсин кўзинг, демоқ-чун,

Мазлумга эркинликни эълон этиб,

Марҳамат йили бўлгай, демоқ-чун,

Худованд Мени юборди».

Кейин Исо китобни ёпиб, хизматкорга бериб, ўтирди. Ибодатхонадаги барчанинг кўзи Унга тикилди. Исо уларга сўзлай бошлади: – Сизлар эшитган калом шу бугун бажо бўлди, – деди. Ҳамма Исонинг айтганларини маъқуллар эди. Унинг оғзидан чиққан латиф сўзларга маҳлиё бўлишиб: «Юсуфнинг ўғли эмасми Ўзи?» – деб қўяр эдилар. Исо уларга деди: – Сизлар албатта: „Эй табиб, ўзингни ўзинг давола” деган матални эсимга туширмоқчисизлар. „Биз эшитганимиздай, Кафарнаҳумда рўй берган ишларни бу ерда, ўз юртингда ҳам қил-чи”, деб айтмоқчисизлар-да.

Кейин Исо давом этди: – Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди. Масалан, Илёс пайғамбар даврида уч йилу олти ой осмон тутилиб, бутун мамлакатда оғир очарчилик бўлганда, Исроилда кўп бева аёллар бор эди. Аммо Илёс уларнинг биронтасига юборилмай, фақатгина Сидўн диёридаги Сарафат шаҳрида яшовчи бир бевага юборилган эди. Худди шу сингари Элиша пайғамбарнинг даврида ҳам Исроилда кўп моховлар бор эди.

Аммо буларнинг биронтаси соғаймаган бўлса-да, фақатгина суриялик Наоман соғайиб қолди, – деди. Йиғилган жамоат буларни эшитиб, ҳаммалари қаттиқ ғазабланиб кетишди. Ўринларидан туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди-да, Уни ташлаб юбориш учун ўз шаҳарлари қурилган тепанинг четига олиб боришди. Лекин Исо уларнинг орасидан ёриб ўтиб, кўздан ғойиб бўлди.

Азизлар, бу ҳикоя устидан фикр юритишингиз учун саволлар қуйидагича. Исо Ишайё пайғамбар китобидан ўқиган оятлар остида қандай сир ётар эди? Исо бу оятларни Ўзи ҳақида эканини айтганида нима учун одамлар ҳавотирга тушдилар? Азизлар, бордию бу саволлар устидан фикр юритиб жавоблар топсангиз уларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг ёки бўлмаса www.najot.com сайтига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Худонинг ҳақиқатини излашда сизга Раббимизнинг Ўзи ёр бўлсин. Хайр, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top