Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизар, дастуримни бошлашдан аввал, сизга бир савол бериш истагидаман. Азизлар, сиз ҳам Раббимиз Масиҳнинг қурбонлигини қабул қилганмисиз? Агар ундай бўлса сиз учун жуда хурсандман. Сизни жуда яхши тушунаман. Чунки биз эски ҳаётни тарк этиб, янги ҳаётга эга бўлдик. Эски ҳаётимиз энди тариҳда қолиб кетди. Энди бор жахтимиз билан янги ҳаётда, янгича ҳаёт суришимиз керак. Лекин, эски ва янги ҳаёт нима билан фарқланади? Келинг, ушбу саволга жавоб топиш учун Каломга назар ташлаймиз. Эфесликларга йўлланган мактубнинг тўртинчи бобида қуйидаги оятлар битилган. Шундай экан, мен Раббимиз номидан сизларга қаттиқ буюраман: бундан буён ўзга халқларнинг бемаъни ўй-фикри билан яшаманглар. Уларнинг зеҳнлари ўтмаслашган. Улар жаҳолатда қолиб, юракларини ёғ босган. Шунинг учун Худо берган ҳаётдан маҳрум қолганлар. Улар ҳар қандай ор-номус туйғусини йўқотган, ҳар турли ифлос ишларга ўрганган, фисқу фужурга берилган тамагир одамлардир.
Аммо сизлар Масиҳдан ундай ўрганмагансизлар. Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, У ҳақда таълим олгансизлар. Шунинг учун энди Исонинг ҳақиқий йўлида юриб, эски ўзлигингизни бир четга олиб қўйинглар; яъни илгариги турмушингизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатингизни соқит қилинглар. Бунинг ўрнига янги фикрга, руҳга эга бўлинглар. Худога муносиб суратда, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни ўзлаштиринглар. (Эфесликларга 4). Азизлар, кўриб турганингиздек, эски ва янги ҳаёт катта фарқга эга. Келинг, бугунги ибодатни айнан янги ҳаётда янгича яшаш учун бағишлаймиз. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги Отажон, бизга кўрсатган муҳаббатинг учун рахмат. Худойим, Сен бизга янги ҳаёт бердинг. Эски ҳаёт бизга энди хоким эмас. Энди бизнинг ҳаёт бутунлай Сен муқаддас Худога тегишлидир. Худойим, бизни ўзгартир. Бизни ушбу янги ҳаётга мансуб қилиб ўзгартиргин. Худойим, бизни ҳаётидан маҳрум бўлганлардан узоқлаштир. Масиҳингдан барча ўрганган ҳақиқатларга асосланиб яшашни ўргат. Масиҳнинг ҳақиқий йўлида юриб, эски ўзлигимизни четга олиб қўяйлик. Эски турмушимизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатимизни соқит қилайлик. Худойим, бизниг шу қадар ўзгартиргинки, янги фикрга ва руҳга эга бўлайлик. Аҳир биз энди Сенинг суратинга мансубмиз. Биз энди Сенинг ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик табиатинга тегишлимиз. Худойим, ушбу янги ҳаётда Ўзинг бизни кўмакдошимиз ва йўлдошимиз бўлгин. Худойим, янги ҳаётда яшар эканмиз, эски ҳаётга қайтишдан ўзинг асрагин. Бу дунё биздан нафратланди, чунки биз энди Янги ҳаётда яшамоқдамиз, биз энди Сенга тегишлимиз. Биз энди Сенинг шоҳлигинга тегишлимиз. Худойим, биз бутунлай Сеникимиз. Сенинг муқаддас исминг ҳамиша муқаддас бўлсин. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.