3:24

Унинг қони аввалам бор Худо учун тўкилди

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар,

бизларни жазодан қутқариш учун, ҳамда Худо олдида оқлаш учун қон тўкилди. Худо биз қилган ёмон ишларни “Ҳа майли, кечирвораман” демайди. Қонни кўргани учун У бизларни кечиради. Демак, қон биринчи навбатда Худо учун тўкилди, биз учун эмас. Агар Масиҳ қонининг баҳосини билмоқчи бўлсак, биз биринчи навбатда бу қоннинг Худо олдида қандай қадр-қимматга эга эканлиги ҳақида ўйлашимиз керак. Агар Худо олдида унинг қадр-қимматини билмасак, у биз учун ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Қадимги Аҳд даврида ҳар йили бир марта бутун Исроил халқи қилган гуноҳлар учун қурбонлик қилинар, қурбонлик қони эса Чодирнинг Муқаддаслар Муқаддаси хонасига олиб кирилиб, Худо олдида етти марта сепилар эди. Қурбонлик ҳамманинг кўзи олдида қилинар, лекин Муқаддас Чодирга эса фақат олийруҳоний кириши мумкин эди.

Худо бу хонага бошқа ҳеч кимнинг киришига йўл қўймас эди. Нима учун? Чунки олийруҳоний гуноҳларимиз учун тўлов тўлаган Раббимиз Исо Масиҳнинг ифодаси бўлган. Агар Муқаддас Каломдаги Ибронийларга мактубнинг тўққизинчи бобини очсангиз, у ерда Павлус келтирган қуйидаги оятларни кўрасиз: “Энди эса … Масиҳ … қўл билан қурилмаган, яъни бу дунё ижоди бўлмаган буюкроқ ва мукаммалроқ чодирдан ўтиб борди. Масиҳ такалар ва бузоқларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони билан муқаддас маконга бир марта кириб, бизлар учун абадий нажотни қўлга киритди” (Ибр.9:11-12). Шундай қилиб, олийруҳоний гуноҳларга тўлов тўлайдиган Ягона Шахснинг ифодаси эди. Ундан бошқа ҳеч ким Чодирга на яқинлаша оларди, на кирарди. Ундан ташқари, олийруҳоний чодирга кирганида фақат битта вазифани адо этиш учун кирарди: у Худога қон қурбонлигини, Худони қониқтирадиган қурбонликни олиб кирарди.

Бу маросим инсонлар кўзидан йироқда бажариладиган, Худо ва олийруҳоний орасида қилинадиган аҳд эди. Худо шундай деб айтган эди. Демак, қон энг олдин Худо учун тўкилар эди. Мисрда ҳам ўлимдан омон қолиши учун Исроил халқи Фисиҳ қурбонлигини сўйишлари керак эди. Бордию Чиқиш китобидаги ўн иккинчи бобни ўқисангиз, у ерда шундай оятлар борлигини кўрасиз. “Қон эса сизларнинг уйларингизни кўрсатадиган белги бўлади. Мен қонни кўраман ва сизларни четлаб ўтаман. Мисрни урганимда ҳеч бузғунчи офат сизларга тегмайди.” Чиқиш 12:13. Эшик ташқарисига — кесакига суртилган қон Худо учун белги-аломат эди. Бу вақтда эса Исроил фарзандлари уйнинг ичида ўтиришлари ва қурбонлик гўштини ейишлари керак эди. Худо: “Мен қонни кўраман ва сизларни четлаб ўтаман”, — деб айтди. Ва шундай ҳам бўлди.

Азизлар, мана биз анчадан бери Масиҳнинг қони ҳақидаа гапириб келяпмиз. Агар биз янги ҳаётда олдинга юришни истасак, Масиҳ қонининг қанчалик таъсирли эканини билиб олишимиз шарт. Раббимиз Исо Хочда ўлгани қанчалик аниқ факт бўлса, Унинг қони гуноҳларимизни ювиши ҳам шунчалик аниқ. Бордию бу масалада фикр ёки маълумотларингиз бўлса уларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг, ёки www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Раббимизнинг чексиз севгиси барчангизга ёр бўлсин. Хайир. Омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top