3:14

Унинг қони Худо учун қанча муҳим бўлса биз учун ҳам шундай бўлиши керак

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Дастурга хуш келибсиз. Азизлар, эсингизда бўлса бир неча дастур мобайнида хазрати Исо Масиҳнинг тўкилган қони ҳақида сўз юритиб келяпмиз. Қилинган гуноҳлар учун бенуқсон, бегуноҳ ҳаёт ўлиши, муқаддас қон тўкилиши керак эди. Инсон ҳаёти — унинг қонида, ва қон менинг гуноҳларим учун тўкилиши керак эди. Худо шуни талаб қилади. Қон тўкилиши орқали Унинг адолати амалга ошади. Худонинг Ўзи шундай деб айтган: «Мен қонни кўраман ва сизларни четлаб ўтаман». Масиҳнинг қони Худони тўла қониқтиради. Имонга келишимиздан олдин бизнинг виждонимиз бизни унча безовта қилмаган. Худонинг поклигини, гуноҳнинг ифлослигини тушунганимиздан кейин, виждонимиз тўла уйғонади. Гуноҳимизни тушуниш, айбдорлик ҳисси баъзан шунчалик кучли бўладики, ҳатто бизни жуда қийин аҳволга ҳам солиб қўйиши мумкин.

Ана шундай пайтларда, баъзиларимиз Масиҳнинг қонидаги таъсирни, кучни назардан четда қолдирамиз. Баъзан гуноҳларимиз, ёки бирорта гуноҳимиз шунчалик катта кўринадики, энди мени Худо кечирмайди, Масиҳнинг қони уларни юва олмайди, деган фикрларга ҳам борамиз. Бунга Масиҳ қонининг Худо олдида қанчалик қимматли эканини тан олмаслик сабаб бўлади. Бундай вақтда ҳеч қачон ҳис-туйғунгизга суянманг. Чунки қон биринчи навбатда Худо учун тўкилган. Қонни биринчи навбатда Худо кўради. Биз эса қонни Худо қандай қадр-қиммат билан қабул қилган бўлса, шундай қабул қилишимиз керак. Ўшанда биз Масиҳ қони биз учун қандай аҳамиятга эга эканлигини тушунамиз. Худо Масиҳ қонини гуноҳларимизни кечириш учун етади, деб айтгани учун биз ишонишимиз керак. Имон билан қондан келган кечиримни ҳаётимизга қабул қилишимиз керак. Инжилда ёзилган: “Биласизларки, ота-боболарингизнинг беъмани турмуш тарзидан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига қутулмагансизлар.

Сизлар бенуқсон ва беғубор қўзи қонига ўхшаган Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар. Масиҳ дунё бино бўлишидан бурун тайинланган бўлса ҳам, замоннинг охирида сизлар учун пайдо бўлди.” (1Бтр.1:18-20). Агар Худо гуноҳларимиз учун бу қонни тўлов учун берган бўлса, демак жазо берилиб бўлганига ишонсак бўлади. Агар қон Худони қониқтирган бўлса, демак қон қабул қилинибди. Бизнинг қон ҳақидаги фикримиз, Худонинг фикрига тўғри келиши керак. Биз ундан ортиқроқ ҳам, камроқ ҳам фикр қилмаслигимиз керак. Худо муқаддас ва Худо адолатли. Агар адолатли ва муқаддас Худо Исо Масиҳнинг қонини бизларнинг гуноҳларимиз ювилиши учун етарли деб қабул қилган бўлса, демак гуноҳларимиз кечирилган.

Азизлар, Раббимизнинг тўкилган муқаддас қони тариҳдаги энг мўжизавий ходисадир. Чунки Худонинг биз учун кўрсатган севгисидан далолатдир ва исботдир. Бордию сизда ҳам бу мавзуда фикр мулоҳазалар бўлса dilkash@najot.com электрон манзилига хабар йўлланг ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Хеч бир хабарингиз жавобсиз қолмайди. Ундан ташқари исмларингиз эфирга узатилмайди. Хайир азизлар, Раббимизнинг чексиз севгиси барчангизга ёр бўлсин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top