MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Худони билиб туриб, Унинг ишларига қарши иш қилиш юзсизликдир. Худонинг фарзандиман – деб шайтоннинг ишларини қилиш, унга бўйсуниш, инсоннинг ҳалокатга юз тутганидан даракдир. Юҳаннога Ваҳий келган даврда тахминан эрамизнинг 90 йилларида ҳам худди шундай жамоат бор эди. Худованд бу жамоат ҳақида шундай дейди: «Сенинг ишларингни биламан. Шайтоннинг тахти бўлган жойда яшаётганингни биламан. Менинг номимга ихлос қўйдинг. Ҳатто…содиқ шоҳидим Антипа шаҳид бўлган кунларда ҳам сен Менга бўлган имонингдан қайтмадинг. Лекин сенга бир эътирозим бор: орангизда Балъом таълимотини тутувчилар бор… Шунингдек, сенинг ичингда николайчилар таълимотини тутувчилар ҳам бор. Энди тавба қил» (Ваҳ 2:13-16).

Narrator 2 Биз ҳам бугунги кунда шайтоннинг тахти ўрнашган жойда яшаяпмиз. Худонинг номига ихлос қўйган бўлсак ҳам баъзи қийинчиликлардан ўтиб, Худога содиқ қолган бўлсак ҳам ичимизда Худога маъқул келмайдиган фикрлар, одатлар бор. Агар шундай бўлса, Ваҳий китобини олиб 2 бобни ўқиб чиқинг. Худодан «Менда қандай хато фикрлар бор», деб сўранг. Инсон атрофидаги кишиларнинг ҳам қандайлигини яхши билиши лозим. Чунки ёмон дўстлар Худо фарзандини йўлдан тойдиради. Атрофимизда, ишонган кишиларимиз орасида бизни Худонинг тўғри йўлидан адаштирадиган кишилар бўлиши мумкин. Атрофимизда эмас, ичимизда Худо йўлидан оғишимизга сабаб бўладиган фикрлар ва бирон бир нотўғри ғоя бўлиши мумкин.

Narrator 1 Агар шундай нарса бор деб шубҳалансангиз, дарҳол ўша нарсанинг нималигини билиб олиб, ундан воз кечинг. Худованд Пергам шаҳридаги жамоатига гапирганида «орангизда Балъом талимотини тутувчилар бор», дейди. Балъом Таврот даврида яшаган пайғамбар бўлган. Мўов подшоҳи Болоқ уни Исроил ўғилларини қарғаш учун ёллаган эди. Бу инсон Муқаддас Китобда таъмагирлик, соҳта диндорлик, нопоклик тимсоли қилиб олинган.

Демак Пергам шаҳридаги жамоатга айтилган гапларни тинглар эканмиз, ичимизда таъмагирлик, соҳта диндорлик, нопоклик каби иллатлар бор-йўқлигини текширишимиз керак. Биласиз-ки Худованд таъмагирликни ёқтирмайди. Аммо баъзан ўзимиз билмаган ҳолда таъмагирлик қилиб қўямиз. Бу иллатдан бизни фақатгина Худованд озод қила олади.

Narrator 2 Пергам шаҳридаги жамоат аъзолари ичида соҳта диндорлар, нопок кишилар ва жамоатдан бирор нима ундиришга ҳаракат қиладиган таъмагирлар бор эди. Бундай кишилар бошқа – жамоатнинг солиҳ кишиларини ҳам йўлдан уриши мумкин эди. Балки ўша пайтларда жамоат оқсоқоллари, ҳақиқий имонлилар жамоат аъзоларининг баъзилари шундай инсонлар эканликларини сезгандир, бироқ тўғри йўлга кириб қолар, дея умид қилгандир. Аммо Худованд шундай дейди: «Тавба қил! Акс ҳолда мен зудлик билан олдингга бориб, Ўз оғзимдаги қилич билан ўша гуноҳкорларга қарши жанг қиламан.» Бу сўзлар бизга ҳам тегишли. Гуноҳларимизни тан олиб тавба қилиш энг тўғри йўл. Тавба қилиб, бу одатлардан, қилиб юрган гуноҳлардан юз ўгириш, бизни Худо ғазабидан сақлаб қолади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top