MP3

Narrator 1 «Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Кимда-ким овозимни ешитиб эшикни очса, Мен унинг ёнига кираман; Мен у билан, у Мен билан кечки овқатни баҳам кўрамиз (Ваҳ 3:20).

Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Сиз учрашишни орзу қилган киши борми?Агар у уйингизга келса нима қиласиз? Албатта унинг овозини эшитишингиз билан шоша-пиша эшик очасиз, ичкарига таклиф қиласиз. Унинг атрофида парвона бўласиз. Бу шунчаки бир машҳур одамга қилинган муомала. Ўйлаб кўринг, Раббимиз бизни излаб келса, эшигимиз ортида туриб тақиллатаётган бўлса, Уни эшитамизми? Йўқ, кўп ҳолларда Унинг келганини ҳам, юрагимиз эшигини тақиллатаётганини ҳам сезмай қоламиз. Худованд Лаодикия шаҳридаги Масиҳ жамоатига ҳам шу гапларни айтган эди.

Narrator 2 Лаодикия шаҳридаги Масиҳ жамоати ўзини жуда бойман, бойиб кетдим, деб ҳисоблаб, мағрурланиб кетган, гуноҳларини кўрмайдиган совуққон бир кишига ўхшайди. Худованд унга шундай дейди: «Сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан. О, қани эди ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг! Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун сени оғзимдан чиқариб юбораман. Сен: «Бойман, бойиб кетдим, ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ», — дейсан-у, аммо аянчли, ачинарли, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканлигингни билмайсан.» Ҳаётимизнинг қайсидир онларида муваффақиятга эришсак, ўзимиз билмаган ҳолда қилган ишларимиздан, эришган ютуқларимиздан, ўзимиздан фаҳрланамиз. Аммо эҳтиёт бўлмасак, бу фаҳр мағрурликка айланиб кетиши мумкин.

Narrator 1 Мағрурлик қалбимизни эгаллаб олганидан кейин эса, ўзидан кейинги гуноҳларга: совуққонлик, менсимаслик, бефарқлик, худбинликка йўл очади. Бундай бўлгач, ўзимизни бошқалардан муҳимроқ, ақллироқ, яхшироқ ҳис қила бошлаймиз. Ҳаволанган бурнимиз янада ҳаволаниб кетади. Атрофимиздагиларни кўрмаймиз, қилаётган ишларимиз Худога маъқул эмаслигини ҳис қилмаймиз, қалб кўзларимиз кўр бўлиб қолган бўлади. Биз муҳим деб ҳисоблаган қимматбаҳо кийим кечаклар, уй-жой, мол дунё Худонинг йўлида ҳеч нарса эканлигини унутиб қўямиз. Лаодикия жамоатидагилар ҳам шуни ёдларидан чиқаришган эди. Худованд уларнинг кўзларини очиш, асл бойликнинг қийматини кўрсатиш учун ҳаворий Юҳанно орқали уларга ваҳий юборган эди.

Narrator 2 Келинг, Худонинг Лаодикия шаҳридаги Масиҳ жамоатига айтган сўзларининг давомини эшитамиз: «Сенга маслаҳат бераман: бойишинг учун Мендан ўтда тобланган олтин, яланғочлик айбинг кўринмаслиги учун оқ кийим, кўришинг учун кўзга суртадиган малҳам сотиб ол. Мен кимни севсам, унинг гуноҳини фош қиламан ва адабини бераман. Шундай экан, ғайратга кел ва тавба қил.» Худованд бу жамоатга қаттиқ сўзлар экан, оҳирида уларни севишини ҳам айтиб ўтаяпти. Мен кимни севсам, унинг гуноҳини фош қиламан. Худонинг севгисига эга бўлиш энг катта иноят. У бизни севиб, гуноҳларимизни фош қилгани учун, адабимизни бераётгани учун шукр қилишимиз керак. У бизни тартибга чақириб, Ўзининг йўлида қандай юришимиз кераклигини уқтираяпти. Худди меҳрибон она боласининг адабини бериб, унга маслаҳат бераётгандай.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top