Ассалому алайкум. Ҳаёт баъзида бизга зерикарли онларни туҳфа қилади. Ўзимизни худди денгизда ҳаракатсиз туриб қолган ва ҳаракатга келтирувчи шамолни кутаётган кемадай ҳис қиламиз. Бундай пайтда кема ичидагилар ўзларини ёмон ҳис қилишади. Кема ҳаракатсиз бўлгач, иш ҳам йўқ, ҳаракат ҳам йўқ. Кунлар бир хилда зерикарли ўтади. Шамолни кутишдан ўзга чора йўқ. Кутиш ва яна кутиш. Ҳаётда ҳам шундай бўлади. Негадир, ўзимизни ҳар доимги ишлардан, мажбуриятларимиздан зериккандай ҳис қиламиз. Ҳаётимиз мазмунсиз кечаётгандай. Бизни руҳлантирадиган, шижоат ва завқ бағишлайдиган нимадир етишмайди. Бундай пайтларда баъзан нимани кутаётганимизни биламиз, баъзан эса йўқ. Кўпинча бундай ҳолат, ичимиздаги шижоат ва ғайрат ёмин тугагандан кейин келади. Ўзимизни руҳан ҳолдан тойган ва қаровсиз ҳис қиламиз. Жонлантирадиган кичик бир шаббодага муҳтож бўламиз.
Ҳеч руҳан чарчаган ёки нима қилишни билмай қолган пайтларингиз бўлганми? Бундай ҳолатда кайфиятлар тушкун, ғам-ғуссага ботган киши фаол ҳаёт кечира олмайди. Ҳазрати Довуд ўз ҳафачилигини шундай изҳор қилади: «Мен оҳ-зор қилавериб ғоятда чарчадим. Ҳар кеча кўрпам нам бўлади, кўз ёшим ила ҳўллайман тўшагим» (Забур 6:7).
Хўш, қандай кишилар мана шундай маъюс ва ғам-ғуссага ботади. Худонинг йўлида юрмаганларми? Ëки Худога бўйсунмаган ва ундан узоқлашганларми? Агар Худодан узоқлашганларгина мана шундай ғам-ғуссага ботади, деб ўйласангиз ҳато қиласиз. Руҳий сукунат, узоқ кутиш ва ўзини ташлаб қўйилгандай ҳис қилиш, Худони севганларнинг ҳам бошида бор. Ҳазрати Сулаймон бундай дамлар киши суягини қуритади, дея изоҳлаганди. Келинг Сулаймон пайғамбар бу ҳақида нима ёзганини билиб оламиз: «Шод юрак-шифобахш дори, ғам-кулфат эса жоннинг эговидир» (Маталлар 17:22).
Биласизми, Худонинг сукунати баъзида зерикишни келтириб чиқаради. Еремия 10 боб 21 оятда чўпонларни шижоатсиз ва суст бўлиб қолишгани ҳақида айтади. Хўш, бунга сабаб нима экан? Келинг худди шу оятни ўқиб кўрамиз: «Чўпонлар Худодан сўрамайдиган ахмоқдирлар, шунинг учун ҳам кўкармайдилар ва қўйлари ҳар томонга тарқаб кетган.» Худодан сўрамагани, изланмагани учун ҳам уларнинг ҳаёти шундай зерикарли ва ишлари суст кетган. Ҳаворийлар китобида ҳам бу ҳақида шундай ёзилган: «Бу халқнинг дилини ёғ босган, қулоқлари зўрға эшитадиган бўлган, кўзларини эса юмиб олганлар. Мабодо кўзлари кўрадиган, қулоқлари эшитадиган, диллари эса фаҳмлайдиган бўлса-ю, тавба қилсалар, Мен уларга шифо берган бўлур эдим.»
Имонли киши учун энг қийин нарса бу кутиш. Худони кутиш. Мана шу дам ҳар биримиз учун йилларга чўзилгандай бўлади. Кейинги қадамни қўйиш учун Худодан жавоб кутамиз. Худо эса аксига олгандай, жавоб беришга шошмайди. Аммо, бундан тоқатсизланиш ва хафа бўлиш керак эмас. Чунки мана шу кутиш онлари бизга кўп нарсани ўргатиши мумкин. Гарчи бу нарса бизга ёқмаса ҳам, Худо бизга мана шу нарсани раво кўради. Кутар эканмиз Худо бизга кутиш учун сабр тоқат ҳам беради. Суҳбатимизни бир оят билан якунламоқчиман: «Бунинг устига Илоҳий Руҳ бизнинг заифлигимизга мадад бериб туради. Чунки биз қандай ибодат қилмоқ кераклигини билмаймиз. Лекин Илоҳий Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳу нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади». (Рим 8:26).