3:18

Ҳаётимизда Худонинг ўрни

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар бир аёл турмуш қургач, чинаккамига бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Бахтни ҳар ким ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда тасаввур қилади. Бахтли бўлиш албатта яхши, буни ким ҳам истамайди дейсиз?! Агар руҳий нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, ҳақиқий бахт бу Яратувчи билан бирга бўлиш. Ҳаётимиз давомида бўладиган тўсиқлар, қийинчиликлар ва бахтсизликларда Худонинг ёрдамини ва қўлини ҳис қилиш бу ҳақиқий бахтдир. Исо Масиҳ шогирди Симон Петрнинг қайнонасини даволагани ёдингиздами? У ўшанда Симоннинг уйида ўзини қандай тутди? У касалнинг олдига борди, унга энгашди ва иситмани койиб қўйди.

Биз фарзандларимиз шамолласа ёки иситмаласа уларни бағримизга босиб, иситмасини қўлимиз билан ўлчаб, дори-дармон қиламиз. То тузалмагунларича уларнинг атрофида парвона бўламиз. Уларни гоҳ силаб, гоҳ бағримизга босиб, гоҳ дори ичишга мажбур қилиб, уларнинг ёнида бўламиз. Билишимча, Исо Масиҳ ҳам Симоннинг қайнонаси билан шундай муносабатда бўлган. Биласизми, Лука хушхабарида Исо Масиҳнинг ҳасталарни соғайтиргани ҳақида кўп ёзилган. Балки Луканинг ўзи табиб бўлгани учундир. Агар яна Лука китобига қайтадиган бўлсак, Лука 4 боб 40 оятда шундай ёзилган: «Исо қўлларини ҳар бирига тегизиб уларга шифо берди.» Исо Масиҳнинг олдига келтирилган касаллар орасида юқумлилари, жирканчлилари ҳам бор эди. Шунда ҳам Раббимиз уларга қўлларини тегизиб шифо берди. Одатда қўлимизни меҳр-муҳаббат кўрсатиш учун ишлатамиз. Далда бериш учун қўлларимиз билан фарзандларимизнинг елкасига енгилгина уриб қўямиз. Овутиш учун силаймиз. Севгимизни кўрсатиш учун бағримизга босамиз. Исо Масиҳ ҳам ҳасталарга Ўз севгисини, ғамхўрлигини кўрсатиш учун қўлларини текизди. Агар билсангиз, кўп ҳасталарни У узоқдан турибоқ шифолаган эди. Аммо меҳр-муҳаббатини кўрсатиш учун қўлини тегизиб шифолашни маъқул кўради.

Бугун ҳам ҳаётимизда Раббимиз мана шундай ишламоқда. Биз қийналган чоғимизда, оила аъзоларимиздан кимдир ҳаста бўлганида Худони ёрдамга чақирамиз, У эса мулойимлик, меҳр-муҳаббат билан ғамхўрлигини кўрсатади. Биз Унинг қўлини кўрмаймиз бироқ бармоқ изларини ҳаётимизда қилаётган ишлардан кўришимиз мумкин.

Агар Худони ҳаётингизга чақирган бўлсангиз, аммо Унинг қўлларини кўрмаётган бўлсангиз, тушкунликка тушманг. Юқорида айтганимиздай, Унинг қўллари кўринмас, бироқ вақт ўтиб, ўша муаммонгизни қандай ажойиб йўл билан ҳал қилганини билиб оласиз. Худо бизга нисбатан шафқатли ва меҳрибон. У доимо бизга ғамхўрлик қилади. Худди она фарзандларига ғамхўрлик қилганидай. Унинг ҳаётимиздаги ўрни, бизга бўлган муносабати мана шундай. Кўрдингизми, Худонинг бизга бўлган муносабатини аниқлаб олдик. Энди фақат сиз-у бизнинг Унга бўлган муносабатини аниқлаш қолди. Хўш нима дейсиз? Сизнинг Худога бўлган муносабатингиз қандай? Шундай ғамхўр, меҳрибон ва шафқатли Яратувчингизга қандай муносабатдасиз? Агар сиз ҳам Унга шундай муносабатда бўлаётган бўлсангиз, шундай муносабат асосига қурилган ҳаётни ҳақиқий бахт дейиш мумкин. Ҳаётда баъзан дўстга ва маслаҳатгўйга муҳтож бўламиз. Агар сиз ҳам шуни ҳис қилаётган бўлсангиз, керакли пайтда маслаҳат олиш учун бизнинг www.najot.com сайтимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top