2:56

Нутқимизга эътибор қилиш

MP3

Narrator 1 «Эгам Раббий менга доно тил берди, токи мени толиққанларга сўз билан мадад берсин дея…» (Ишаё 50:4).

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ëқимли, ширали, кўнгилга малҳам бера оладиган сўзларни айта олганимиз учун Худовандга шукр. Керак пайтда яхши одамнинг ширин сўзи кўнглимизни кўтаради, ғуборларимизни ювиб юборади. Худованд бизга тил берганининг мақсади фақат битта – у ҳам бўлса, яхши сўзларни сўзлаш, уни улуғлаш. Аммо кўп ҳолларда яхши ўйлаб кўрмай туриб, ўзимиз ҳақимизда ёмон сўзларни айтиб қўямиз. Ишларимиз юришмаганида «Мен омадсизман, ҳеч қачон ишларим юришмайди», деб, бемаврид айтилган сўз ёки гаплар билан ҳижолат бўлиб қолганимизда «Ҳеч қачон чиройли гапиролмайман» , — дея ўз-ўзимизга ҳукм чиқариб қўямиз. Худованднинг каломи эса бунинг тескарисини айтади.

Narrator 2 Биз тез-тез шайтоннинг ўзимизга айтадиган: «Сенинг ишинг ҳеч қачон юришмайди. Бундан кўра ўлганинг яхшироқ», деган сўзларини ҳақиқат деб билиб такрорлаймиз. Ëки бир неча йил аввал айтилган: «Сен ҳеч қачон одам бўлмайсан. Сен ҳеч қачон ҳаётда бир нарсага эриша олмайсан», деган гапларни такрорлаймиз. Муқаддас Китоб шундай дейди: «…ўз тилингдан илиниб, сўзларинг тузоққа етаклайди…» (Ҳикм 6:2). Бу бизнинг айтилган ва айтилмаган фикрларимизга бирдай тааллуқли. Агар доимо ўзимизни лаънатлаб, фикрларимиз ва туйғуларимизга ҳалокатли таъсир ўтказиб турсак, биз ҳеч қачон шифо топа олмаймиз. Ким бизнинг ақлимизга мурожаат қилаётганини билишга мажбурмиз. Бу Худонинг овозими, шайтонникими ёки жисмимизникими?

Narrator 1 Ўз ҳақингизда гапираётганингизда умид, шифо, мақсадга интилиш ва руҳан кўтаринки сўзларни айтинг. Уларда сиз учун Худонинг ҳақиқати бор. Ўзида тушкунлик, шубҳа-гумон, салбий зарраларни ташийдиган сўзларни ўз луғатингиздан ўчириб ташланг. Ҳар қандай вазиятда ҳам туйғуларингизга тааллуқли барча нарсаларда доимо самимий бўлинг. Ҳаётингизнинг муваффақиятсиз бўлганидан нолиш ўрнига, шундай деб айтинг: «Бугун мен ниҳоятда хафаман, аммо Худованд менинг ҳаётимни кўриб турибди ва У албатта менинг ишимни рўёбга чиқарар, чунки У Ўзи яратганларини ҳеч вақт ташлаб қўймайди» (Заб 137:8). Агар сиз ўзингиз ҳақингизда тўғри ўйлай олмасангиз, бундай денг: «Раббий, ҳолатимнинг ҳақиқий кўринишини намоён қил». Сизга келаётган танқидий фикрлар кимдан эканини ажратиб олишингиз керак.

Narrator 2 Агар танқидий фикрлар Худодан келаётган бўлса, унга қаршилик кўрсатманг. Ўзингизга нисбатан раҳмдил бўлинг, ўзингизни ҳурмат қилинг. Довуд пайғамбарнинг сўзларини такрорланг: «…чунон тилим ила дилим бирдир менинг »(Заб 16:3).

Нутқингиз равон, сўзларингиз ўйлаб танланган бўлишини, сўзларингиз билан қовун тушириб қўйишни истамасангиз, Худованд каломидаги: «Тилини тийган жонини асрайди, тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди», — деган сўзларни унутманг. Сўзлаганингизда ёқимли ва чиройли сўзлаш учун Худованддан донолик сўранг. Унга шундай деб айтинг: «Сенга маъқул бўлсин оғзимдан чиққан сўзлар. Юракдаги ниятларим, эй Эгам, менинг Қоям, Нажоткорим!» (Заб 18:15).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top